Спорт | 13:13 / 28.07.2018
7828
3 дақиқада ўқилади

Бу сафарги Осиё ўйинлари молиявий мукофотлаш жиҳатдан аввалгиларидан кескин фарқ қилади - МОҚ

Фото: МОҚ ахборот хизмати

XVIII Осиё ўйинлари аввалги мусобақалардан ҳар томонлама фарқ қилиши кутилмоқда. Хусусан, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш масаласига ҳам ҳукумат томонидан катта эътибор билан ёндашилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов ва спорт федерациялари вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида қатнашган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Спортчиларни тақдирлаш бўйича иш олиб борилмоқда. Шу ҳафта охирида ҳукуматнинг Осиё ўйинларига оид қарори чиқади. Спортчилар билан ҳам гаплашдик, федерацияларга ҳам айтдик: бу Осиё ўйинлари аввалгиларидан жуда ҳам фарқли бўлади. Пул томондан ҳам, давлатнинг эътибори томондан ҳам, кутилаётган медалларнинг миқдори жиҳатдан ҳам. Айнан молиявий томони сир бўла қолсин», - деди қўмита бош котиби.

Молиявий маълумотлар кенг оммага очиқланмаса ҳам, мотивация бериш мақсадида спортчиларнинг ўзига маълум қилинганми, деган саволга Жасур Матчанов қуйидагича жавоб берди:

«Спортчиларга айтилган. Шундай тизимни яратдикки, Олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ҳар бир спорт турига куратор белгилаб қўйилган. Федерациялар ҳам, очиғини айтаман, чарчаб кетишган.

Бу кураторлар ҳар куни бориб маълумот олишади: эрталаб қанақа овқат ейишяпти, машғулот қандай ўтяпти, кечқурунга нима ейишди, ухлашяптими-йўқми... Шу саволлар билан федерациялар ходимларини ҳам, мураббийларни ҳам, қайсидир маънода чарчатиб юборишган.

Шундай тизим яратилганки, «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали ҳар бир спорт тури бўйича ҳар кунлик маълумот олиб турилади, раҳбариятга етказилади».

Анжуманда маълум қилинишича, паралимпиячилар ҳам машғулотларга жиддий киришган бўлиб, улар ҳам федерацияларга бириктирилган. Енгил атлетика, дзюдо, сузиш ва пауэрлифтинг каби спорт турлари вакиллари Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

«Улар ичидан енгил атлетика ва дзюдо термалари айниқса кучли таркибга эга», - деди МОҚ расмийси.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид