Ўзбекистон | 16:15 / 30.07.2018
7602
2 дақиқада ўқилади

14 нафар давлат хизматчиси Осиёдаги нуфузли университетларда ўқиш йўлланмасини қўлга киритди

2018 йилнинг 27 июль куни Тошкентда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг юртимиздаги бўлинмаси томонидан амалга оширилган бу йилги ўқувларида иштирок этган битирувчиларнинг учрашуви ташкил қилинди.

1991 йилда Корея Республикаси ҳукуматининг бўлинмаси сифатида ташкил этилган агентлик ривожланаётган давлатларда ривожланишнинг Корея тажрибасига асосланган ижтимоий-иқтисодий, таълим дастурларини беғараз ташкил қилиш, ўзаро дўстона муносабат ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фаолият олиб боради. 

Ўзбекистонда 1992 йилдан бошлаб фаолият юритиб келаётган KOICA ташаббуси билан бугунги кунгача 2,087 нафар давлат хизматчилари Корея Республикасида ўз йўналишлари бўйича малака ошириб қайтишган. Ҳар йили 100 нафар мутахассисларнинг давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, энергетика, ахборот технологиялари, атроф-муҳитни ҳимоялаш, қишлоқ хўжалиги йўналишларида Жанубий Кореядаги нуфузли муассасаларда ўқувлари уюштирилади.

Шунингдек, ўз соҳасида етакчи бўлган ва хорижий тилларни пухта биладиган иқтидорли давлат хизматчиларининг Корея Республикасида магистратура йўналиши бўйича таҳсил олишлари ташкил қилинади. Жумладан бу йил ҳам ўтказилган имтиҳонлар асосида Ўзбекистондаги вазирлик ва турли идораларда хизмат қилаётган 14 нафар давлат хизматчилари Кореяга магистратура йўналишида ўқиб келиш йўлланмасини қўлга киритдилар. Улар KOICA ҳомийлигида 2 йил мобайнида нуфузи жиҳатдан нафақат Жанубий Корея, балки Осиё минтақасида етакчи бўлган Сеул Миллий Университети, Корё Университети, Ёнсей Университети, СунгКьюнКван Университети каби таълим даргоҳларида билим ва малака оширадилар.

Мавзуга оид