Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни танлаш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом лойиҳаси эълон қилинди.
Миллий гвардия бўлинмаларида контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истагини билдирган фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар аризаси (билдиргиси) Номзодларни ҳисобга олиш журналида рўйхатга олинади.
Қоида тариқасида, номзодларни танлаш ва ҳарбий хизматга қабул қилиш эксҳудудийлик принципи асосида амалга оширилади, алоҳида ҳоллар бундан мустасно.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига, шунингдек унинг розилигига ёхуд Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинадиган қуйидаги шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди:
вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларига;
тегишли йўлланма орқали контракт бўйича ҳарбий хизматга юборилган олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларига;
халқаро шартномалар асосида ўқишга юборилган, хорижий давлатлар олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларига;
алоҳида ҳолларда, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига.
Номзодни танлаш қуйидаги босқичларда ташкил этилади:
а) номзодни ўрганиш (ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш, номзод билан якка тартибда суҳбатлашиш);
б) умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;
в) индивидуал-психологик ўрганиш (психологик тест синовидан ўтказиш);
г) тиббий кўрикдан ўтказиш;
д) номзодларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш.
Танловдан муваффақиятли ўтган номзодларни контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш – танлов комиссиясининг хулосаси асосида амалга оширилади.
Танлов комиссияси танлов якунлари натижаларига кўра, танлов муддатини кечиктириш, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматни ўташга яроқли деб топилган ва танловда юқори балл тўплаган номзодларни контракт бўйича «ҳарбий хизматга қабул қилиш» ёки ушбу Низомда белгиланган талабларга жавоб бермаган ҳолларда «рад этиш» тўғрисида қарор чиқаради.














