Жаҳон | 07:31 / 31.07.2018
3241
2 дақиқада ўқилади

Никарагуа президенти АҚШни мамлакатнинг ички ишларига аралашишда айблади

Фото: REUTERS/Jorge Cabrera

Никарагуа президенти Даниэль Ортега АҚШнинг мамлакатдаги зўравонликларни молиялаштираётганлиги борасида етарлича далилларга эга эканлигини билдирди.

"Биз Никарагуага бир неча бор қурол билан бостириб кирган қудратли душман АҚШ билан тўқнаш келдик ва улар Никарагуанинг ишларига аралашишда давом этишмоқда. Никарагуа ана шундай молиялаштириш бўйича далилларга эга. Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Американинг бошқа ташкилотлари АҚШдаги ҳисоблари орқали Никарагуада демократия ўрнатиш учун миллионлар ажратишганини эълон қилишади", — деди Ортега Euronews каналига берган интервьюсида.

Президентнинг фикрича, сўнгра ажратилган пуллар бошқа эҳтиёжлар учун сарфланади.

"Мамлакатни беқарорлаштириш, зўравонлик ва биз ҳокимиятни эгаллаган 2007 йилдан буён жиноятлар содир этиб келаётган тўдаларнинг қуролли ҳаракатларини келтириб чиқаришга", — деди Ортега.

USAID 20 июль куни Никарагуада демократия ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 1,5 миллион доллар ажратилганини эълон қилди. Бу маблағ мамлакатдаги фуқаролик жамияти ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мустақил ОАВни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, Никарагуада апрелдан буён ҳукуматга қарши намойишлар давом этмоқда. Мухолифат муддатидан олдин сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда. Ортега бу талабни рад этиб, содир бўлаётган воқеаларни мамлакатга қарши фитна деб атамоқда. Намойишлар чоғида ҳалок бўлганлар сони 450га яқинлашгани хабар қилинган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид