Жаҳон | 07:38 / 02.08.2018
8293
2 дақиқада ўқилади

АҚШ санкциялари ҳақида эълон қилинганидан сўнг турк лирасининг курси кескин тушиб кетди

Фото: EPA/ERDEM SAHIN

АҚШ Туркияга қарши санкциялар киритгани тўғрисидаги хабардан сўнг долларнинг турк лирасига  нисбатан курси 4,94дан беш лирага етди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Сешанба куни АҚШ ҳукумати америкалик пастор Эндрю Брансон сабабли Туркиянинг икки вазирига нисбатан (адлия вазири Абдулҳамит Гюл ва ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу) санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Улар «пасторнинг ҳибсга олинишида етакчи ролни ўйнашган» дейилади АҚШ молия вазирлиги баёнотида.  

АҚШ Туркияга нисбатан санкциялар киритиши ҳақида Bloomberg хабар берганди. Агентлик санкциялар «Магнитский акти» тамойилида жорий этилиши маълум қилинганди. Унга кўра, санкцияга тушганларнинг АҚШга кириши тақиқланади ва Америка банкларидаги активлари ҳибсга олинади.

Брансон террорчилар билан алоқадор деб топилган Фатҳуллоҳ Гюленни қўллаб-қувватлашда айбланиб 2016 йил октябрда Туркияда ҳибсга олинганди. АҚШ санкциялар киритиш билан таҳдид қилиб уни озод этишни бир неча бор талаб қилганди.
Туркия президенти Эрдўған эса бунга жавобан АҚШ Туркиядек яқин иттифоқчисидан ажралиб қолиши мумкинлигини ва Брансон масаласида Анқаранинг позицияси қатъий эканлигини айтди.

Мавзуга оид