Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ва умуман ўзбекистонликлар орасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг қимматлашиши кенг муҳокама қилинмоқда. Даставвал қимматлашаркан, деган гап-сўзлар урчиди, кейин айрим манбалар узатган маълумотлар асосида қатор сайтларда хабарлар босилди.

Ошармикан, ошмасмикан, ХПКдаги учрашувга боғлиқ экан, каби миш-мишлар болалади. Ўзига хос тортишувдаги сўнгсўзни “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов айтди. У компания молиявий жиҳатдан оғир аҳволда бўлгани, муаммолар кўплиги ва хориждан инвестиция олиб кирилса, камида 10 фоиз устама тўлашга тўғри келиши сабабли нархлар оширилаётганини билдирди.

Халқаро Пресс клуб сессиясида иштирок этган Умурзоқовга кўра, Ўзбекистонга бошқа хорижий автомобилсозлик компанияларни олиб келиш мумкин, лекин бу ҳолатда бори ҳам янгиси ҳам касодга учрайди. Умурзоқовнинг айтишича, хориж компаниялари келиши билан рақобат ҳақида сўз боради. Бунга эса, ҳали ҳеч ким тайёр эмас.

Фото: Reuters

Хўш, рақобат маҳаллий автосаноат учун шунчалик қўрқинчлими? Маҳаллий автобозорда рақобатга салкам чорак асрдан бери дош беришни ўргана олмаган корхонани халқ пули эвазига ҳимоя қилиш ўзини қанчалик оқлайди? Албатта, бу борада хориж тажрибасини ўрганиш асқатиши табиий. Шундай экан, интернетдаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда автомобилсозликда улкан натижаларни қайд этган Германия, Ўзбекистонда автосаноат пойдеворини қўйишда ҳисса қўшган Жанубий Корея, бугунги кунда энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи мақомида бўлган Хитой тажрибасига доир туркум мақолаларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этишга қарор қилдик. Туркум мақолалар якунида Ўзбекистон автосаноатидаги бугунги ҳолатни холис ўрганиб, уни сизларнинг эътиборингизга етказишга ҳаракат қиламиз. Демак, даставвал, Ўзбекистонда автомобилсозлик пойдеворини қўйишда елкадош бўлган Корея автомобилсозлиги ҳақида.

Фото: Hyundai

Корея республикаси дунё автомобилсозлик саноатида ўз овозига эга бўлиб, ишлаб чиқариш ҳажми бўйича бешинчи ўринда туради. Тасаввур қиляпсизми, бир вақтлар хорижий компаниялар томонидан импорт қилинган бутловчи қисмлардан машина йиққан давлат ҳозирда дунёнинг энг етакчи автомобилсоз мамлакатларидан бири.