Фан-техника | 00:03 / 03.08.2018
16927
2 дақиқада ўқилади

Японларнинг илк Mitsubishi реактив самолёти 2020 йилдан парвозларни бошлайди. У қанақа самолёт ўзи? — фотолар

MRJ (Mitsubishi Regional Jet) Японияда ишлаб чиқарилган ва йўловчилар учун мўлжалланган илк реактив самолёт бўлади, деб ёзмоқда hi-news.ru. Уни ишлаб чиқариш яқин келажакда бошланади. Илк парвозлар эса 2020 йилдан бошланиши керак. Mitsubishi Aircraft Corporation корпорацияси бунинг учун узоқ йўл босди, ниҳоят мақсадига эришди.

MRJ лойиҳа сифатида илк марта 2007 йилда пайдо бўлган эди. Самолётлар парвозини 2012 йилдаёқ бошлаши мўлжалланган эди, бироқ ишлаб чиқаришда компания олдида турли қийинчиликлар вужудга келди. Дастлабки парвоз 2015 йилда бўлиб ўтди, прототип эса фақат яқинда тақдим этилди. Афтидан, лойиҳанинг ишлари чакки эмасга ўхшаяпти.

MRJнинг бош яратувчиси Алекс Белламининг айтишича, компания 88 йўловчи ўриндиғига эга MRJ-90 модели устида бош қотирмоқда. Кейинроқ 76 ўриндиқли MRJ-70 модели ҳам ишлаб чиқарилади.

MRJ Bombardier CRJ ва Embraer E-Jet каби яқин масофаларга учувчи самолётлар билан рақобат қилади. Самолёт Mitsubishi Aircraft Corporation’нинг илк самолёти бўлса-да, компанияни асло бу соҳада янги деб ҳисобламаслик керак. У узоқ вақт давомида Boeing 787 Dreamliner учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариб, етказиб бериб турган.

Самолётнинг реактив двигателлари Pratt & Whitney компанияси томонидан тайёрланган. Улар ёқилғи истеъмоли нуқтаи назаридан MRJни бошқа йўловчи ташувчи самолётларга нисбатан 20 фоизга самарадор қилиши керак.

MRJ 3700 километр масофагача уча олади. Айни пайтда самолёт салони жуда қўрқинчли кўринишга эга, лекин сиз келгусида у қандай кўриниш олишини кўришингиз мумкин.

2020 йилда MRJ ўз бортига дастлабки йўловчиларни миндириши керак. У Японияда ишлаб чиқарилган илк реактив пассажир самолёти бўлади.

Мавзуга оид