Япониянинг Mitsubishi компанияси Европа учун янгиланган Eclipse Cross кроссоверини тақдим этди.

Янгиликлар фақат автомобилнинг техник жиҳозланишига тааллуқли. Жумладан, электр кроссовер сиғими 67 кВт·соат бўлган аккумуляторли янги бошланғич версияга эга бўлди. Автомобил бир қувватланишда 472 км йўл боса олади. Чегирмани ҳисобга олганда, бундай моделнинг нархи 32 990 евродан (448 млн сўм) бошланади.

347893792094969
Mitsubishi

Аввалроқ Европада Eclipse Cross’нинг бундай модификацияси мавжуд эмас эди ва кроссоверни фақат сиғими 87 кВт·соат бўлган аккумулятор билан харид қилиш мумкин эди. Унинг минимал нархи 45 690 еврони (620 млн сўм) ташкил этган.

Бу модификация ўрнини сиғими 89 кВт·соат бўлган батареяли модел эгаллади. Кроссовернинг юриш масофаси энди 650 км га етади. Ушбу автомобилнинг нархи кейинроқ эълон қилинади.

347893792110967
Mitsubishi

Шунингдек, янгиланган Mitsubishi Eclipse Cross модернизация қилинган электр мотор билан жиҳозланди, унинг қуввати 215 от кучидан 220 от кучига оширилди. Ҳар икки модификация ҳам тез қувватлантириш тизимига эга. Батарея қувватини 15 фоиздан 80 фоизгача тўлдириш учун мос равишда 24 ва 28 дақиқа вақт кетади.

Mitsubishi Eclipse Cross кроссовери Renault Scenic E-Tech модели негизида яратилган бўлиб, Франциядаги заводда ишлаб чиқарилади.