Япония таълим тизими дунёда етакчи ўринлардан бирида туради. Халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган илғор фикрли кадрларни етиштириш осон бўлмаган, албатта. Бунга бир қанча омиллар сабаб бўлган. Жумладан, ўқитувчиларга юқори ойлик маош, иззат-икром (кунчиқар мамлакатда ўқитувчиларга алоҳида эҳтиром кўрсатилади), бой моддий-техник база, қатъий интизом ва ватанпарварлик ҳисси.
Булар асосий омиллар қаторига киради. Аммо ушбу омилларга пойдевор бўлган бошқа сабабларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Биргина мисол: япон бошланғич мактабларида ўқувчиларнинг тушлик қилишига катта аҳамият берилади. Ҳатто, Japanese School Lunch (1954 йилда) махсус дастури ҳам тузилган.

Унда болалар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишлари аниқ белгилаб қўйилган. Дастурда сут ва сут маҳсулотлари жуда муҳим ўрин тутади. Болаларни фойдали ва тўйимли овқат билан таъминлаш мақсадида мактаб шифокори ва ошпаз махсус таомлар рўйхатини тузиб чиқишади. 45 дақиқалик танаффусда ўқувчилар синфхонанинг ўзида овқатланишади. Бу анча вақтни тежайди. Энг қизиқ ва аҳамиятли жиҳати шундаки, болалар мактаб ҳовлисида етиштирган полиз экинларидан таом тайёрланади. Ўқувчилар меҳнатсеварликка, табиатни асраш, унинг неъматларини увол қилмасликка ўргатилади.
Бизда-чи? Аҳвол қандай? Халқ таълими тизими мактаб ўқувчиларининг тушлик қилишига қай даражада эътибор бермоқда? Тизимда қандай ютуқ ва камчиликлар бор? Ҳақиқий вазиятни ўрганиб чиқиш учун ўқитувчилар, ота-оналар, шифокорлар билан суҳбат ўтказдик, хилма-хил фикрларни эшитдик, фойдали таклифлар ҳам билдирилди.
Тошкент шаҳар Учтепа тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мактаб-боғча бўлими катта ҳамшираси Гулнора Зиёева:

«Биз мактабларда болалар соғлиғини назорат қиламиз. Нима учун болалар жуда нимжон, деган савол қўйилади. Улар куннинг кўп қисмини мактаб биносида ўтказишади, ақлий меҳнат билан шуғулланишади. Натижада бола организми толиқади, тўйимли озиқ-овқатга эҳтиёж сезади. Ҳозирги пайтда ҳамма мактабларда ҳам ошхоналар талабга жавоб бермайди, афсуски. Иссиқ овқат ўрнига енгил ҳазм бўладиган, қуруқ булочка, фаст-фуд, газли ичимликлар сотилади. Мактаб ошхонаси ошпазларидан бунинг сабабини сўраганимда, талабдан келиб чиқиб ушбу маҳсулотларни сотишаётганини айтишади. Кўплаб мактабларда аниқ режа, чора-тадбирлар мажмуи йўқ. Бу муаммони ҳал қилиш учун бир нечта таклифларим бор. Биринчидан, малакали ошпазлар ва диетолог-шифокорлар гуруҳи шакллантирилиб, республика умумтаълим мактаблари учун ягона














