Ягона мактаб формаси тасдиқланмай, ота-оналар қайси формани сотиб олмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ягона мактаб формаси бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори тайёрланаётгани ҳақида Kun.uz'га маълум қилганди.
Шунга қарамай, ҳудудларда ўқувчиларнинг ота-оналарига мактаб формасини сотиб олиш бўйича «тавсиялар» берилмоқда. Шундай ҳолатлардан бири Наманган вилоятида кузатилган.
Kun.uz'га маълум қилинишича, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани ХТБ бошлиғи Шавкат Мамарасулов «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вилоят бўлими билан келишган ҳолда ягона мактаб формасини сотиб олиш бўйича мактаб директорларига «тавсия» бермоқда.
«Ягона мактаб формасини жорий этишда дастлабки синов даврида қатнашган, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан тасдиқланган дизайн бўйича тикилган кийимлар танлаб олинмоқда. Бунда «Чуст енгил саноат» текстил корхонаси ҳамда «Истиқлол дизайн» корхонаси ишлаб чиқараётган маҳсулотлар танлаб олинмоқда. Албатта, бу формалар ота-оналарга маъқул бўлса, сотиб олиш тавсия этилмоқда», дейди ХТБ бошлиғи Мамарасулов Kun.uz мухбири билан суҳбатлашиб.
Шавкат Мамарасуловнинг айтишича, ягона мактаб формаси учун белгиланган нарх Янгиқўрғон туманида бир ўқувчи учун 90-110 минг сўм атрофида бўлиши назарда тутилган. Ўқитувчиларнинг формаси масаласида туман бошлиғи масалага аниқ жавоб беролмади.
Шунга қарамай, Kun.uz'га етказилган маълумотга кўра, бир нафар ўқитувчи учун форманинг нархи тахминан 250 минг сўмга айланмоқда.
Агар вазир бу масала бўйича якуний қарор чиқарилиши кутилаётганини айтган бўлса, нега Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида бундай ҳолат юзага келмоқда?
«Бизга вилоят бошқарма бошлиғи Ваҳобжон Ражабов имзоси билан шундай хат тушган. Унда формани жорий этишда тавсиялар берилган», дейди Мамарасулов.
Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев эса ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида шаҳардаги 35-сонли мактабнинг 2018/2019 ўқув йили учун мактаб формасини намойиш этди. Бироқ вазир ягона мактаб формаси республика бўйлаб ҳақиқатан ягона бўлишини айтган бир пайтда, айниқса, Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилинмай, шаҳар ҳокими тарқатган маълумот ҳам кўплаб саволлар пайдо қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шерзод Шерматов «формани тайёрлаш ва етказиб бериш ишларига мактаб директори ҳам, ўқитувчи ҳам аралашмайди» деганди.
«Мен коррупциоген ҳолат юзага келишини истамайман, директор битта корхона билан тил бириктириб, ягона нарх ўрнатиб олиши мумкин эмас», дейди Халқ таълими вазири.
Мавзуга оид
12:19 / 07.10.2024
Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди
18:33 / 02.10.2024
Наманганда қадимий ерости йўлаклари, иситиш тизими ва сопол қувурлар топилди
21:19 / 05.09.2024
Учта вилоят чегарасига ўзгартириш киритилмоқда
19:01 / 03.09.2024