Спорт | 16:00 / 08.08.2018
14778
2 дақиқада ўқилади

«Атлетик» Кепани «Челси»га сотганини эълон қилди. У – футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабон

Фото: globallookpress

«Атлетик» дарвозабони Кепа Аррисабалага фаолиятини «Челси»да давом эттиради.

Испан клуби сайтида ушбу 23 ёшли дарвозабоннинг Лондон клубига трансфери тасдиқланган.

Лондонликлар клуби «Реал»га кетаётган Тибо Куртуанинг ўрнини эгаллайдиган бу футболчи учун 80 миллион евро тўлайди –  бу унинг шартномасида кўрсатилган бадал пули эди

Шу тариқа, Кепа испан футболи ва дунё футболи тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабон бўлмоқда. Кепа ўтган ойда «Рома»дан «Ливерпуль»га 62,5 миллиона евро (плюс 10 миллион евро миқдоридаги бонуслар) эвазига ўтган Алиссон рекордини янгилади.

Ундан ҳам аввалроқ эса рекорд Жанлуижи Буффонга тегишли бўлиб турганди. «Ювентус» 2001 йилда уни «Парма»дан 52 миллион еврога трансфер қилганди.

Бундан ташқари Кепа энг қимматбаҳо испаниялик футболчи бўлди. У Альваро Мората («Челси», 65 миллион евро), Фернандо Торрес («Челси», 59 миллион евро) ва Гаиска Мендьетани («Лацио», 48 миллион евро) ортда қолдирди.

Январь ойида «Реал» Кепани «Атлетик»дан 20 миллион евро эвазига трансфер қилмоқчи бўлган, аммо охирги паллада бу трансфер барбод бўлиб, якунда дарвозабон басклар жамоаси билан 2025 йилгача амалда бўлувчи янги шартнома тузганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид