Испания Қуролли кучларининг қирувчиси, Эстонияда НАТО миссиясининг таркибига кирувчи Eurofighter Typhoon мамлакат узра парвоз қилаётган пайтида хато туфайли жанговар ракетани учириб юборди. Бу ҳақда Эстония Мудофаа кучлари бош штаби хабар берган.

Эстония ҳукумати маълумотларига кўра, 7 август куни маҳаллий вақт билан соат 15.44да қирувчи Россия билан чегара чизиғидан тахминан 100 км узоқликда жойлашган, ҳарбий машқлар учун мўлжалланган ҳудуд - Отепя шаҳри яқинида AIM-120 AMRAAM ракетасини учирган.

Ракетада ўзини-ўзи йўқ қилиш режими фаоллаштирилган бўлса-да, ҳарбийлар у ишламай қолгани ва AMRAAM ҳавода портлаб кетмаганлигини истисно қилмади. Эҳтимол, у Тарту шаҳридан 40 км шимолда қулаган бўлиши мумкин.

Ракета ҳозирча топилмаган. Эстония мудофаа кучлари суриштирувни бошлади ва уни топиб олган кишилардан унга тегмаслик ҳамда яқинлашмаслик сўралди.