Англияда трансфер ойнаси ёпилишига саноқли соатлар қолди. Бугун Тошкент вақти билан соат 21:00дан кейин инглиз клублари ўз сафига янги футболчи қўшиб ололмайди. Бутун Европа жамоалари трансферлар орқали кучайишга уринаётган кейинги уч ҳафтада инглиз жамоалари бор эътиборини футболга қаратишади.
НЕГА ЎЗГАРТИРИЛДИ?
Сўнгги йилларда энг охирги соатларда футболчини сотиб олиш ёки сотиш одат тусига кириб қолганди. Ҳатто трансферни ҳал қилиш учун саноқли сониялар етмай қолган воқеаларга ҳам гувоҳ бўлганмиз.
Клублар сўнгги дақиқаларни кутиш орқали, нимани кўзлашлари мумкинлигини аниқ айтиш қийин. Балки бундай вазиятда ўз талабларини қўйиш сотувчи ёки баъзида олувчи клуб учун ҳам қулайроқ бўлиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам трансферларни мавсум бошланишидан аввал якунлашга талаб пайдо бўлди.
Ўтган йилнинг кузида ўзига хос референдум бўлиб ўтганди. Дедлайнни олдинроққа суришга 70 фоиздан ошиқ клублар рози бўлди.
Фақат 5 клуб бу ўзгаришга қарши чиқди. Манчестернинг икки клуби, «Кристал Пэлас», «Уотфорд» ва «Суонси» трансфер даричаси аввалгидек қолиши исташган бўлишса, «Бёрнли» бетараф қолди. Шунинг билан Англияда янги давр бошланди – энди трансферлар даричаси биринчи турнинг илк учрашувидан бир кун олдин ёпилади. Европада фақат Финляндияда ҳам трансферлар мана шундай эрта якунига етади.
ПЛЮС ва МИНУСЛАР
Тарафдорларнинг фикри тушунарли – трансфер даричасининг беркилиши мавсум бошланиб бўлгандан кейинги ўтишларни кескин камайтиради ва клублар муҳим футболчиларни йўқотишмайди. Лекин бошқа муҳимроқ жиҳат бор.
Бу қарор футбол учун фойдалидир. Ахир энди футболчилар мавсум бошлангач, диққатларини фақат ўйинларга жамлашлари мумкин, бошқа фикрларга чалғимайдилар. Мураббийлар бор эътиборларини жамоа ўйинини кучайтиришга қаратадилар, бирор трансфер орқали кучайиш ҳақида ўйламайдилар. «Яна бир нечта янги футболчи келса, ўйинимиз яхшиланади» деган гаплар ҳам бўлмайди.
Ўз навбатида, қаршиларни ҳам тушуниш мумкин. Биринчидан, уч ҳафта жуда катта муддат. Бу паллада клуб бирор футболчисидан жароҳат туфайли ажралиб қолиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда футболнинг ўрнини тўлдириш имкони бўлмайди.
Иккинчидан, четда трансфер ойнаси ҳали очиқ бўлади. Бошқача айтганда, инглиз клублари ўз футболчиларидан ажралиб қолишлари мумкин, аммо ўрнига бошқасини сотиб олишолмайди. Тасаввур қилинг, шартли «Барселона» Погбани қўлга киритишнинг уддасидан чиқса, Моуриньо ўз муҳим футболчисидан айрилади ва ўрнига бошқа номзодни ололмайди.















