Ўзбекистон | 17:42 / 10.08.2018
60149
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Тошкентга ҳеч қачон бунча пул берилмаган» 

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Шайхонтоҳур тумани иқтисодиётини ривожлантириш, уй-жой-коммунал соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш учун республика бюджетидан етарли маблағ ажратилмоқда. Прогноздан ошган солиқ тушумлари маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилиб, уларни сарфлаш бўйича маҳаллий ҳокимликларга кенг ваколатлар берилмоқда», - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, жорий йилда Тошкент шаҳрида прогнозга нисбатан 2 триллион сўмга кўп солиқ тушиб, маҳаллий бюджетда 1,5 триллион сўми қолиши кутилмоқда. Бу 2017 йилга нисбатан 10 баробар кўпдир.

«Тошкентга ҳеч қачон бунча пул берилмаган. Биз нега 1,5 триллион сўмни шаҳарнинг ўзида қолдиряпмиз? Тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш учун, одамларнинг маиший шароитларини яхшилаш, уй-жойлар, боғчалар қуриш, иш ўринлари яратиш учун. Энди жойлардаги раҳбарлар ҳам ўзини қийнаши, садоқат билан ишлаши керак. Четдан келиб ҳеч ким ҳеч қачон қилиб бермайди», - деди президент.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига ташриф буюриб, боғни замонавий паркка айлантиришга қаратилган лойиҳалар билан танишгани хабар берилганди.

Мавзуга оид