Жаҳон | 01:47 / 14.08.2018
12059
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШнинг 716 миллиард долларлик ҳарбий бюджетини имзолади

Фото: AP/ Hans Pennink

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат миллий мудофааси учун 716 миллиард доллар ажратилиши кўзда тутилган 2019 йилги ҳарбий бюджетни имзолади, деб хабар берди Оқ уй. 

Унга кўра, АҚШ ҳарбий хизматчилари сони 15600 кишига ошади. Натижада қуруқликдаги қўшинлар 487,5 минг, ҳарбий-денгиз кучлари — 335,4 минг, ҳарбий-ҳаво кучлари — 329,1 минг, денгиз пиёда қўшинлари сони 186,1 минг кишига етади. Бюджетда Стратегик қўмондонликка бўйсунувчи алоҳида Космик қўмондонлик тузилиши кўзда тутилган.

Бюджетга кўра, 77та бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини сотиб олиш учун 7,6 млрд доллар, янги ҳарбий кемалар қуриш учун 24,1 млрд доллар ажратилади. Ҳарбий хизматчиларнинг маошлари 2,6%га ошади (Оқ уй хабарида бу кейинги тўққиз йил ичидаги энг йирик маош оширилиши дейилмоқда).
Исроил билан ракетага қарши мудофаа тизимини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга 500 млн доллар ажратилади. Украинага хавфсизлик соҳасида ёрдам кўрсатиш учун 250 млн доллар ажратилди, дейилади хабарда.  

Трамп алоҳида космик қўшинлар тузишга июнь ойи ўрталарида кўрсатма берганди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ «коинотда ҳукмронлик» ўрнатишни таъминлаши зарур ҳамда Хитой ва Россия аллақачон ана шундай бўлинмага эга. Илгари коинотдаги фаолият ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли эди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид