Шу йилнинг 30 июль куни Халқаро Пресс клубда “Ўзавтосаноат” АЖ раҳбарияти иштирокида сессия бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналар нархи ўртача 14 фоизга ошиши, ўзбек автосаноатида протекционизм чоралари қачонгача давом этишига доир фикрлар билдирилди. 

Kun.uz дунё автомобил саноатида юксак натижаларга эришган мамлакатларнинг ушбу соҳада ривожланиш тарихини ўрганишга ва уни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишга қарор қилди. Туркум мақолаларнинг узвий қисми сифатида Жанубий Корея ва Германия автомобилсозлиги тарихига доир мақолалар эълон қилинди. 

Бу сафар, аввал ваъда қилинганидек, кўпгина соҳаларда бўлгани каби қисқа вақт мобайнида автомобилсозликда ҳам юксак натижаларга эришган Хитой тажрибасидан айрим маълумотларни тақдим этамиз. 

Фото: wikimedia

Хитой автомобилсозлик саноати, айтиш мумкинки, деярли ярим асрлик тарихга эга. Бироқ у 1990-йиллар бошларидан буён юқори суръатларда ривожланмоқда. 2009 йили ХХР дунёдаги энг йирик автобозорга айланган бўлса, айни вақтда дунёнинг энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи давлати саналади. Унинг ўзи бир йилда АҚШ ва Япония биргаликда ишлаб чиқарадиган машиналар сонидан кўп автомобил етказиб беради. ЕИда ишлаб чиқилган жами транспорт воситалари ҳам Хитой улушига ета олмайди. Қизиқ ва ўринли савол туғилади: Хитой бундай натижага қандай эришди?

2013 ва 2014 йилларда Хитой дунё автосаноати тарихида илк маротаба бир йилда 20 млн донадан ортиқ машина ишлаб чиқди, тегишли равишда 22,1 млн ва 23,7 миллионта. Мамлакат бугунги кунда бутун бошли автомобил тизимини йўлга қўйган давлатдир. ХХРнинг энг йирик автокомпаниялари эса, FAW, SAIC ва Dongfeng ҳисобланади. Бироқ, маълумот учун айтиш керак, 2006 йил ноябрь ойидаёқ Хитойда 6322та автомобил корхонаси бор эди. 

Фото: Карельские вести

Халқ республикаси 2006 йилда автомобил ишлаб чиқиш борасида Японияни қувиб ўтди ва Қўшма Штатлардан кейинги иккинчи давлат бўлди. Унинг дунё автосаноатида АҚШни қувиб ўтиб, энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчига айланиши учун 3 йилгина вақт кифоя қилди. Шундан бери у ҳозирча мақомини қўлдан бой бергани йўқ.