Жаҳон | 09:20 / 19.08.2018
18814
2 дақиқада ўқилади

“Ўзингни Жеймс Бонддек ҳис қил”: меҳмонхоналарда таклиф қилинувчи 5 та антиқа хизмат 

Дунёнинг кўплаб меҳмонхоналарида пляжда ҳордиқ чиқариб, коктейл ичиш мумкин. Бироқ баъзи меҳмонхоналарда сизнинг хаёлингизга келмаган антиқа хизматларни учратиш мумкин. 

Мисол учун, Таиланддаги Чианг Райда жойлашган меҳмонхонада йога гиламчасини фил устига қўйиб, йога машғулотлари билан машғул бўлиш мумкин.

Скришот

Берлиндаги меҳмонхоналардан бирида эса шунчаки душ остида қўшиқ куйлаш эмас, балки ўз қўшиғини меҳмонхонадаги иккита овоз студиясидан бирида ёзиш имкони мавжуд. 

Фото: hotels.com

Нью-Жерсидаги меҳмонхонада эса боғ ва Атлантика океанига очилувчи манзарага эга томда кечки вақт кино намойиш қилинади. Кундузи эса том ҳордиқ чиқариш ҳудуди – лаунж-ҳудуд сифатида хизмат қилади.

Фото: itsdroolworthy.com

Уммондаги меҳмонхонада эса янада антиқа хизмат тури мавжуд бўлиб, меҳмонхона ўз мижозларига ўзларини машҳур жосус Жеймс Бонддек ҳис қилиш имконини беради. Агар меҳмонхонага машина ёки таксида келиш сизга жуда оддийдек туюлса, унда сиз унга профессионал гид билан бирга парапланда учиб келишингиз ҳам мумкин.

Гавайидаги меҳмонхонада эса теннис ишқибозлари учун махсус хизмат мавжуд бўлиб, меҳмонхонадаги кортлар теннис ўйинини ёзиб олиб, реал вақтда таҳлил қилувчи камералар билан жиҳозланган.

Мавзуга оид