Ўзбекистон | 15:01 / 21.08.2018
13064
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги янги вакили Парижга жўнаб кетди. Илгари бу лавозимда Лола Каримова ишлаганди

Бугун Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги доимий вакили Парижга жўнаб кетди.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2018 йил 21 август куни Ўзбекистон Республикасининг ЮНEСКОдаги қайта тайинланган доимий вакили Умид Шодиев Тошкентдан Парижга жўнаб кетди.

Илгари у Нью-Йоркдаги Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонасида маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

Унга қадар бу лавозимни Ўзбекистон биринчи президентининг кичик қизи Лола Каримова эгаллаган.

Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Лола Каримова-Тиллаева Facebook’даги саҳифасида юқоридаги ташкилотда мамлакат элчиси сифатида фаолиятини якунлаётганини хабар қилганди.

«Бугун менинг Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси вазифасидаги сўнгги иш куним. Ўн йил давомида дипломат сифатидаги фаолиятим албатта ҳаётимнинг муҳим қисмига айланган эди. Мен ушбу бебаҳо тажриба, фаолиятим мобайнида танишган ва бирга ишлаган инсонлар ҳамда энг муҳими – ўз она ватанимга хизмат қилиш имкониятига эга бўлганимдан беҳад мамнунман», - деб ёзган у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1993 йилнинг 26 октябридан ЮНEСКОнинг аъзоси саналади. ЮНEСКОнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси 1996 йил 23 апрелдан бошлаб фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ЮНEСКО фаолиятида фаол иштирок этмоқда. Республика Ташкилот Ижроия кенгашига икки марта - 1997-2001 йиллар ва 2009-2013 йилларда сайланган.

Мавзуга оид