Статистикага кўра, гастрит белгилари камида ҳар иккинчи одамга таниш. Маккор касаллик катталарга ҳам, болаларга ҳам ҳужум қилади, зеро соғлом ҳаёт тарзи ва тўғри овқатланиш ҳам соғлом ошқозон кафолати бўла олмайди. Унда нима қилиш керак? Ўзингизни ва яқинларингизни бу касалликдан қандай ҳимоялаш мумкин? "Здоровье с Еленой Малышевой"да гастрит қандай касаллик экани ва нима учун унинг бу қадар кенг тарқалганига доир маълумотлар тақдим этилди.
Гастрит нима?

Қисқа қилиб айтганда, бу - ошқозон шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Гастритда ошқозон ўз вазифасини нормал бажара олмайди: таом яхши ҳазм бўлмайди, бу ҳолсизлик ва қувват етишмовчилигига олиб келади. Беморлар кўпинча қорин соҳасида оғриқ ҳис қилишади, шунингдек кўнгил айниши, қайт қилиш, ич қотиши ва иштаҳа пасайиши кузатилади. Бироқ касаллик деярли белгиларсиз кечиши ҳам мумкин. Ошқозон-ичак тракти касалликларининг 80 фоизи - гастритнинг у ёки бу шакли.
Нима учун гастрит юзага келади?
Гастрит ривожланишининг асосий сабаблари орасидан қуйидагилар қайд этилади:
1. Helicobacter pylori бактерияси

Гастрит ва ошқозон яраси 85 фоиздан ортиқ ҳолатларда айнан шу бактерия сабаб ривожланади. Шуниси диққатга сазоворки, шифокорлар узоқ вақт Helicobacter pylori бактериясининг мавжудлиги ҳақида билишмаган, гастрит сабаби сифатида эса юқори кислоталилик ва стресс кўрсатилган. 2005 йилда америкалик олим Барри Маршалл ушбу микроорганизмни кашф қилгани учун Нобель мукофоти билан тақдирланган.
Helicobacter pylori одамдан одамга асосан маиший йўл билан ўтади - аксарият ҳолатларда умумий овқатланиш идишлари орқали. Шундай бўлса-да, нима учун бу бактерия баъзи кишиларга катта зиён етказиб, ҳатто саратонгача олиб келиши, бошқалари эса бутун ҳаёти давомида организмида бундай бактерия борлигини билмай ҳам ўтиши ҳақидаги савол очиқлигича қолмоқда.
2. Тартибсиз овқатланиш
















