Қирғизистон Республикаси президенти Сооранбой Жээнбеков 23 август куни Туркманистонга давлат ташрифини амалга оширди. Тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралардан сўнг икки давлат раҳбарлари Сооранбой Жээнбеков ва Гурбангули Бердимуҳаммедов оммавий ахборот воситалари учун қўшма баёнот беришди.

Тарихий ташриф
Жээнбеков Туркманистон президенти ва бутун туркман халқига меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди.
"Бу менинг Туркманистонга биринчи ташрифим. Бугун биз икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдик ҳамда бундан кейинги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдик. Биз Қирғизистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларацияни имзоладик. Бу икки томонлама муносабатлардаги тарихий ҳодиса бўлиб, мамлакатларимизнинг дўстлик ва ҳамкорлик тарихида янги саҳифани очади", - деди Сооронбой Жээнбеков.
У бугунги музокаралар қирғиз-туркман алоқаларини мустаҳкамлаш, уларни барча соҳаларда ривожлантириш йўлида хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек икки мамлакат сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишлар бўйича ҳамкорлик даражасини кенгайтиришини маълум қилди. Жээнбеков Қирғизистон ва Туркманистон ўртасидаги ўзаро товар айланмасини ошириш зарурлигини қайд этди.
Қўшма баёнотда бугунги учрашувлар якунларига кўра икки томон муҳим ҳужжатлар пакетини имзолангани эълон қилинди.
Сооронбай Жээнбеков Гурбангули Бердимуҳаммедовга икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар ривожига қўшган ҳиссаси учун ташаккур айтиб, уни жавоб ташрифи билан Қирғизистонга боришга таклиф этди.

Қандай ҳужжатлар имзоланди?
Жээнбековнинг давлат ташрифи якунларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни фаоллаштиришга йўналтирилган ҳукуматлараро ҳужжатлар пакети ҳамда Туркманистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларация имзоланди.
Томонлар Декларация икки томонлама муносабатларда тарихий воқеа ҳисобланиши ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг янги саҳифасини очишига умид билдиришмоқда.
















