Ўтган мавсум охирларида Роберт Левандовскининг «Бавария»ни тарк этиши ҳақида миш-мишлар кўпайди. Ҳужумчи ўзини матбуотдан узоқ тутган бўлса-да, «Бавария» омадсиз ўтказган апрель ва май ойлари натижасида пайдо бўлган салбий муҳит ва танқидлар, асосий айбдор сифатида Робертнинг кўрсатилиши ва бошқа ҳолатлар Левандовскининг Мюнхендаги фаолияти якунга қараб кетаётганидан далолат қиларди. Ҳатто «Реал» ва «Манчестер Юнайтед» каби клублар уни сотиб олмоқчи экани ҳақида ҳам хабарлар чиқиб турди.

Аммо таътилдан қайтган Роберт Левандовски янги мураббий ҳамда жамоадошлари билан гаплашиб олди ва яна «Бавария»да қолишга қарор қилди. Апрель ойидан бери биринчи марта немис нашрига интервью берди ҳам. Эътиборингизга польшалик футболчининг Sport Bild нашрига берган интервьюсини ҳавола қиламиз.

Фото: Bild

- Сиз бир неча ой жим турдингиз ва интервью бермадингиз. Ҳатто Германия суперкубогидаги ҳет-трикдан кейин ҳам ҳеч нарса демадингиз? Нима учун?

- Мен апрелдан буён Германияда интервью бермадим, Польшада эса, фақат терма жамоа мавзусида оғиз очдим холос. Сабаби, ўтган мавсум охирида вазият яхши эмасди. Мен қўллаб-қувватлашни сезмадим. Мени бошқа жамоа мухлислари танқид қилди, мутахассислар танқид қилди, лекин жамоатчилик ҳам, клуб ҳам мени ҳимоя қилмади. Мен ҳақимда жуда кўп ноўрин айбловлар, фикрларни эшитишга мажбур бўлсам-да, жим туришни афзал билдим. Энди эса, гапирсам бўлади.   

- Клуб сизни етарлича қўлламадими?

- Апрелда ва майда деярли ҳамма менга қарши бўлиб қолганди. Клуб мени ҳимоя қилмади ва ўша вазиятда ёлғизланиб қолдим. Икки-уч муҳим ўйинда гол урмаслигимни биламан, дарҳол Левандовскига қарши ўт очишди.  

- Қандай бўлиши керак эди?

- Ҳаммаси жойида бўлса, табиийки, ўз ишимни қилаётган бўламан. Агар муаммо пайдо бўлса, ҳаммасига Левандовски айбдор. Мавсум охирида менда шундай тасаввур уйғонганди. Мен анчадан буён Германиядаман ва тўрт йилдирки, «Бавария»да ўйнаяпман. Мени у ёки бу ўйинда гол ура олмасликда айблаш мумкин, лекин бор кучим билан ҳаракат қилмаётганимни айтишса, бу нотўғри. 

- Бунинг устига, жароҳатлар билан ўйнашга тўғри келди, шундайми?