07:52 / 26.08.2018
9123

Аргентинанинг собиқ президенти жиноий ташкилотга бошчилик қилганликда айбланмоқда

Фото: Marcos Brindicci/Reuters

Аргентинанинг собиқ президентлари Кристина Фернандес де Киршнер ва Нестор Киршнер жиноий ташкилотга бошчилик қилиб, 2008 йилдан 2015 йилгача ноқонуний йўл билан пул маблағлари олишган. Бу ҳақда судья Клаудио Бонадионинг баёнотида айтилган.

Бонадио баёнотида маълум қилишича, давлат хизматчиларидан ташкил топган жиноий ташкилот мавжудлигини исботловчи ёзувлар, суратлар ва видеоёзувлар йиғилган. Ушбу жиноий ташкилот давлат маблағларидан фойдаланиб ва мамлакат раҳбарлари (Нестор Карлос Киршнер ва Кристина Элизабет Фернандес) ва федерал режалаштириш, инвестициялар ва хизматлар вазирлиги (вазир Хулио Мигеля де Видо) кўрсатмалари асосида кўрсатилган йиллар давомида турли шахслардан ноқонуний тарзда пул маблағлари олиб келган. 

Судьянинг таъкидлашича, ушбу пуллар пировард натижада жиноий схеманинг ҳақиқий фойда кўрувчилари – Нестор Карлос Киршнер, Кристина Элизабет Фернандес ва Хулио Мигеля де Видо чўнтакларига бориб тушган.

Аввалроқ судья аксилкоррупцион тергов доирасида Кристина де Киршнернинг учта уйида тинтув ўтказишга рухсат олиш учун парламентга мурожаат қилган. Сенат собиқ президентнинг уйларида тинтув ўтказишга бир овоздан розилик берган ва полиция ходимлари 23 августдан унинг Буэнос-Айресдаги квартирасида тинтув ўтказишни бошлашган.

Собиқ президентларга қарши коррупция бўйича тергов ОАВда аргентиналик тадбиркорлардан бирининг ҳайдовчиси кундалиги чоп этилгандан кейин бошланди. Кундаликдаги ёзувлардан тадбиркорлар жамоат ишлари вазирлигидаги мансабдор шахсларга миллионлаб поралар бергани маълум бўлган.

Май ойида Кристина де Киршнер Hotesur меҳмонхона фирмаси орқали пул ювиш гумони билан суд олдида жавоб берганди. Шунингдек, Киршнер ва унинг маъмуриятидаги бошқа мансабдор шахслар 1994 йилда Буэнос-Айресда яҳудий маданият марказидаги портлаш иши бўйича суд олдида жавоб беради.

Top