Осиё ўйинларида илк марта ўзбек миллий кураши бўйича баҳслар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон жамоаси мусобақаларда ўз иштирокларини муваффақиятли давом эттиришмоқда.

-66кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Маъруф Ғайбуллоев саралаш босқичида мезбонлар вакили - Тимур Априлианда Адини 10:0 ҳисобида мағлуб этди. Нимчорак финалда у филиппинлик Ламас Ал Роланни таслим этди - 10:0.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Ғайбуллоевнинг чорак финалдаги рақиби туркманистонлик Марат Ўразов бўлди. Ўзбекистонлик спортчи бу рақибни ҳам 10:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди.

Энди унинг ярим финалда эронлик Ганбари Ганбаралига қарши гиламга чиқади.

Ўзбекистоннинг -66кг вазн тоифасидаги яна бир вакили Руслан Бўриев ҳам айни вақтда ярим финалда.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Саралаш босқичида мўғулистонлик Басандаш Жаргалсайхонни мағлуб этган Бўриев, нимчорак финалда непаллик Тапа Упендрани, чорак финалда афғонистонлик Муҳаммад Юсуф Шуайбни енгди ва ярим финалга чиқди. 

Энди у финал йўлланмаси учун хитой тайпейилик Чан Хаоченгга қарши гиламга чиқади.

Эътиборлиси, Ўзбекистоннинг -66 кг вазн тоифасидаги вакиллари Руслан Бўриев ва Маъруф Ғайбуллоев ярим финалда ғалаба қозонса, финалда ўзаро тўқнаш келади.

+90 кг вазн тоифасидаги Нурбек Тўраев ҳам ярим финалга чиққан.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

У саралашда ливанлик рақиби Фадел Жадни 10:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва 1/8 финалга йўл олганди. Нимчорак финалда унга мўғулистонлик Баярсайхон Темулин рақиб бўлди. Тўраев кучли рақибни ҳам осонлик билан мағлуб этди - 10:0.

Шундан сўнг Тўраев чорак финалда афғонистонлик Абдулбосир Раҳмоний тўсиғидан ўтиб, ярим финалга чиқди. Энди у финал йўлланмаси учун эронлик Жафар Паҳлавонийжагарҳ билан беллашади.