2018 йилнинг август ойида товар ва хизматлар нархлари даражаси ўртача 0,3%га ошди (январь ойида инфляция 2,7%, февралда 1,1%, март ойида 1,1%, апрелда 0,9%, май ойида 0,8%, июнь ва июль ойларида дефляция 0,4% ва 0,3%). Жорий йилнинг январь-август ойлари давомида инфляция даражаси 6,2%ни ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Истеъмол бозоридаги нархлар январь ойида сезиларли даражада қимматлашди (2,7%). Июнь ва июль ойлари давомида ички истеъмол бозорларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўйиниши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражаси ҳамда умумий инфляция даражасининг пасайишига ўз таъсирини ўтказди.
Кузатув натижаларига кўра ой давомида товарлар нархи ўртача 0,3% ва хизматлар 0,4% қимматлашганлигини жорий йилнинг август ойидаги нархлар тенденциясини «товар ва хизматлар нархларининг бир маромда ўсиши», дея тавсифлаш мумкин.
Йиллик инфляция таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки (ўтган йилнинг мос ойига нисбатан), мамлакат иқтисодиётига нисбатан инфляция босимининг энг юқори даражаси жорий йилнинг январь ойи (20,1%) ҳиссасига тўғри келади ва кейинги ойлардан бошлаб ушбу тенденция аксинча, яъни, пасайиш томон ҳаракатланганлигини кўриш мумкин.
Жорий йилнинг январь-август ойларида инфляцион трендларга таъсир кўрсатган асосий омиллар орасида қуйидагиларни алоҳида қайд этиш мумкин:
мавсумийлик ҳамда иқлим шароитлари таъсирида мева ва сабзавот гуруҳи маҳсулотлари, шунингдек, сутли маҳсулотлар, тухум ҳамда парранда гўшти нархларининг ўзгариши;
импорт маҳсулотлари билан ички бозорларнинг тўйинганлиги (масалан, шакар ва ўсимлик мойи);
ем-хашак (чорва озуқалари) нархларининг кўтарилиши натижасида чорва молларининг қимматлашиши, шунингдек аҳоли томонидан мол гўшти маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиши;
гуруч нархларининг қимматлашиши истеъмол бозоридаги ушбу маҳсулот ҳажмининг камайиши ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва сотувчи тадбиркорлар томонидан мавсумий қурғоқчилик, шунингдек, шоли экин майдонларининг қисқартирилиши оқибатида кутилаётган тахминлар;
милий валюта қийматининг мустаҳкамланиши ҳамда бир қанча ташқи савдо омиллари натижасида импорт қилинувчи маҳсулотлар ва айрим турдаги хизматлар нархлари, шунингдек, инфляция даражасининг ошиб кетмаслигига сезиларли даражада таъсир кўрсатганлиги (ҳаво транспорти хизматлари шулар жумласидандир);

















