Санкциялар демократиядан анча олисда яшаб келаётган давлатларга нисбатан қўлланади. Бироқ, тақдир тақозоси билан айнан шундай давлатларга нисбатан санкциялар таъсирчан восита бўлмай, кутилган натижага эришиб бўлмайди. 

Фото: AP

Шу йилнинг 8 август куни Дональд Трамп маъмурияти Скрипаллар ишига аралашганликда айбланаётган Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этди. Шунингдек, бирдан курашнинг кейинги раунди ҳақида маълумот берилди: бу гал кимёвий қуроллардан фойдаланмаслик кафолатига боғлиқ. Аввалроқ, АҚШ Туркияга нисбатан санкциялар эълон қилди, тақиқлар «гулдастаси»дан Эрон ҳам бебаҳра қолмади. Буларнинг барчаси сиёсатда бир ҳолат барқарор эканлигидан дарак беради, яъни, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, халқаро муносабат иштирокчилари ташқи сиёсатда санкциялардан мақсадга эришиш воситаси ва босим кучи сифатида фойдаланмоқда. 

Уильям Кемпфер ва унинг ҳамкасблари олиб борган тадқиқотлар натижасига кўра, санкция пакетларининг 3/4 қисми авторитар бошқарув режимида бўлган давлатларга қаратилган. Асосий парадокс шундан иборатки, айнан уларга нисбатан санкциялар кам таъсир кучига эга. Демократик шароитларда иқтисодий-ижтимоий ташқи босимлар мамлакат ички сиёсатига қаттиқ зарба беради. Вазият ёмонлашиб борса, фуқаролар ҳукуматдан норози бўлишни бошлайди, буни халқ сайлов йўли орқали ҳам намоён этади. Аммо, авторитар давлатлар билан айни жараён бироз секинлашади. 

Санкциялар диктаторларга қандай таҳдид пайдо қилади?

Санкциялар - бу, бор-йўғи, мамлакат ички сиёсатига таъсир ўтказишга ҳаракат қилишнинг бир усули. Ядровий дастур, ҳарбий ҳаракатлар ё нотинч вазиятни келтириб чиқариш бўладими, бир қатор санкциялар орқали давлат раҳбарларини «тарбия»га чақириш мумкин. Санкциядан кўзланган асосий мақсад - мавжуд сиёсий режим барқарорлигини таъминлаш имкониятига эга, аммо юзага келган сиёсий инқироздан манфаатдор бўлмаган кучларни уйғотиш ва раҳбариятга босим ўтказишга ундашдан иборат. Демократияда бу сайловчилар бўлса, авторитар режимда улар турли «юз»ларда қиёфаланади: коалиция, бошқарувчи гуруҳлар, олигархлар ва диктатор таянган кучлар.