Спорт | 12:50 / 05.09.2018
28694
2 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: «Биринчи ўйинданоқ мўжиза кутманг»

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер 6 сентябрь куни Сурияга қарши кечадиган ўртоқлик ўйинидан олдин ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди. У қўл остидаги таркиб ҳолати ва ўйинларга тайёргарлик жараёни ҳақида гапирган.

«22 август куни йиғинга киришган бўлсак, биринчи ишни футболчиларни инсон сифатида ўрганишдан бошладим. Ўзбекистон терма жамоасининг олдинги ўйинлари билан танишдим. Қўл остимда жамланган футболчилар билан машғулотлар ўтказиб, уларнинг жисмоний тайёргарлигини кузатдим.

10-12 кунлик муддат давомида ва олдинги кўрган ўйинларимдан келиб чиққан ҳолда футболчиларни оптимал ҳолатга олиб киришга ҳаракат қилдик.

Терма жамоа ўйин услуби ва тактикасига ўзгаришлар амалга оширишга мажбур бўлдик. Бу жараён ҳали якунига етмаган, бу келажак учун бажарилган ишлар ҳисобланади. Ҳозирча Жанубий Корея лигасида тўп сураётган футболчилар йиғинга етиб келишмади. Бундан ташқари, Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов эндигина Тошкентга келишган.

Ҳозирги таркиб эртага Сурияга ва 11 сентябрь куни Эронга қарши ўртоқлик учрашувлари учун йиғилган. Мана шу ўйинлардан кейин терма жамоа ҳолати ҳақида аниқ гапиришим мумкин. Футболчиларнинг барча ўйинларини кузатиб бораман. Ҳозир йиғинга чақирилган таркиб жиддий ўзгариши мумкин, янги футболчилар таркибга жалб этилиши мумкин.

Футболчилар техник жиҳатидан жуда ҳам яхши ҳолатда. Машғулотлар жараёнида глобал ўзгаришлар қилганимиз йўқ. Шу сабабли ҳам, биринчи ўйинданоқ мўжизалар кутмаслигингизни сўрайман. Терма жамоа ўйинидаги ўзгаришлар энг камида бир ойдан сўнг кўзга ташланишига умид қиляпман.

Мен футболчи танлашда энг аввало жисмоний ҳолатга эътибор бераман. Ўз клубида яхши тўп сураётган барча ўйинчиларни кузатишга ҳаракат қиламан», дея Купернинг сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Мавзуга оид