Одатда, жуфт йиллардаги сентябрда Европада Евро ёки ЖЧ саралаш ўйинлари бошланиши керак эди. Аммо бу сафар янги турнир – УЕФА Миллатлар Лигасига старт берилади. Шу йилнинг сентябрь-ноябрь ойларидаги терма жамоалар учун мўлжалланган ФИФА кунларида Европа терма жамоалари ушбу турнирда иштирок этишади.

2019 йилнинг ёзида бўлиб ўтадиган финал босқичида бу турнирнинг илк ғолиби аниқланса, яна бошқа кучли терма жамоаларда Европа чемпионати йўлланмасини эртароқ ҳал қилиш имкони бор. Шунинг учун шу йилнинг кузида биз бир қатор катта ўйинларни кузатиш имконига эга бўламиз. Келинг, бир бошдан.  

БУ НЕГА КЕРАК?

Саралаш ўйинлари борасида нимадир қилиш лозимлиги анча олдиндан мунозара қилинаётганди. Маълумки, футболни энди бой клублар бошқармоқда, даромад келтирадиган ҳам, юлдуз футболчиларга миллионлаб маош тўлайдиганлар ҳам айнан шу клублар. Улар эса, арзимас терма жамоа ўйинларидаги жароҳатлар туфайли ўз «актив»ларини йўқотиб қўйишни истамайдилар. Ўз-ўзидан футболчиларга босим пайдо бўлади, уларда терма жамоа йиғинларини деб ўз спорт формасини, асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйиш риски пайдо бўлади. Муддатидан аввал халқаро футболдан кетиш ёки турли жароҳатлар ўйлаб топишнинг замирида ҳам шу ҳолат ётади.

Тўғри, терма жамоанинг нуфузли турнирларнинг финал босқичига чиқиши, саралаш ўйинларининг муҳимлиги ҳам бир томон, лекин масалан, Германиянинг Қозоғистон билан, Франциянинг Андорра билан икки марталаб ўйнаши ва бу ўйинларда барча юлдузлар иштирок этишга мажбур қилиниши ростан ҳам мантиқсиз. Бу ўйинлар нафақат клублар ва футболчилар учун, балки УЕФА ва федерациялар учун ҳам самарасиз бўлиб қолди, қизиқиш пасайди. Миллий чемпионатлар дам олиб, терма жамоалар ўртасида саралаш ва ўртоқлик ўйинлари бўлиб ўтадиган кунлар гўёки футбол танаффусга чиққандек туюлиши, ўнта гуруҳдан нари борса 2-3 эътиборга арзирли ўйиннинг бўлиши УЕФА раҳбарларини ҳам ташвишга солмай қолмасди, албатта.

Натижада, биз қуйида ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган янги турнирга, янги форматга эҳтиёж сезилди.

ҚАНДАЙ ФОРМАТДА ЎТКАЗИЛАДИ?

УЕФА Миллатлар Лигаси сентябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади. Европа терма жамоалари А, В, С, D лигаларига ажратилган. Лигалар рейтинг асосида тузилади. Рейтинг ЖЧ-2018 саралаши якунлари бўйича ҳосил бўлган даврдан олинади. Турнир ҳар икки йилда, финал қисми тоқ йилларда ўтказиладиган тарзда ташкил қилинади.

А лигасида энг кучли 12 жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда тўп суради. Ўйинлар уйда ва сафар тизимида олиб борилади, яъни, уч жамоадан иборат ҳар гуруҳда 6тадан ўйин бўлиб ўтади. Ҳар бир терма жамоа 4тадан ўйин ўтказади.