KUN.UZ таҳририяти ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси олиб борилмоқда. Унда инсон саломатлиги билан боғлиқ турли мавзуларда олий тоифали шифокорлар билан суҳбат, уларнинг тавсиялари бериб борилмоқда. Бугунги мавзу халқ тилида «грижа» деб аталадиган умуртқа поғонаси чуррасининг вужудга келиши, унинг олдини олиш ва даволаш ҳақида. Суҳбатдошимиз тиббиёт фанлари доктори, вертебролог Алишер Сатторов.

Шифокорларнинг оғир кўтармаслик, организмни ҳаддан зиёд зўриқтирмаслик ёки кескин ва қалтис жисмоний ҳаракатлар қилмаслик каби маслаҳатларига ҳамма ҳам амал қилавермайди. Соғлиғимизга беэътиборлигимиз оқибатида эса жиддий муаммоларга дуч келишимиз эҳтимоли ошади. Умуртқа поғонаси чуррасининг вужудга келиши ҳам ана шундай муаммолардан бири.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Диск чурраси хасталиги

Диск чурралари ёки диск сиқилишлари - суяк мушак тизимидаги дегенератив-дистрофик касаллик бўлиб, фиброз халқанинг ёрилиши туфайли умуртқалараро диск пулпоз ядросининг атрофга силжишига айтилади. Ҳар 1000 та мурожаатдан 14 тасида учрайди.

Диск чурраси касаллик бўлиб, кўпинча остеохандрознинг асорати бўлиб келади. Бу касаллик ёшга хос ҳисобланар эди, лекин борган сари диск чурраси ёшармоқда, яъни 20 ёшда ҳам учрайди. Тўғри даволанмаса ногиронликка олиб келиши мумкин. Диск чуррасининг аломатлари эса қуйидагилар:

- белда оғриқнинг пайдо бўлиши;

- ҳаракатда ва йўталганда оғриқнинг кучайиши;

- уйишиш ва мушакларда кучсизлик;

- қўл ёки оёқнинг ориқлашиши ва ҳ.з.

Диск чуррасини жарроҳлик амалиётисиз даволаш мумкинми?