Ўзбекистон | 12:39 / 08.09.2018
18158
2 дақиқада ўқилади

Медведев: Ўзбекистондаги АЭС бўйича лойиҳа стратегик аҳамиятга эга 

Атом электр станциясини қуриш - Ўзбекистон ва Россиянинг энг муҳим қўшма лойиҳаси, дея маълум қилди Россия бош вазири Дмитрий Медведев.

Фото: Россия Федерацияси ҳукумати ахборот хизмати

«Шубҳасиз, лойиҳа стратегик аҳамиятга эга. У катта, мураккаб, бироқ ўн йиллар давомида мамлакатларимиз ўртасидаги юқори технологияли ҳамкорлик учун замин яратади», - деди Медведев Москвада кеча бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 19-йиғилиши давомида.

Унинг сўзларига кўра, «гап кенг кўламли технологиялар трансфери, ўзбекистонлик мутахассисларни кенг доирадаги ваколатларга тайёрлаш ҳақида бормоқда. Бу муайян даражада Ўзбекистонни технологик ривожланишнинг бошқа даражасига ўтказади».

Россия бош вазирининг таъкидлашича, томонлар ҳамкорлик учун янги механизм яратишга келишиб олдилар. «У қайсидир жиҳатдан ноёб хусусиятга эга - бу ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия», - деди Медведев.

«Ўзбекистон бугун - бизнинг асосий ва энг истиқболли ташқи сиёсий шерикларимиздан бири. Кўплаб соҳаларда ўсиш салоҳияти мавжуд», - дея таъкидлаб ўтди у. Медведев ҳамкорликнинг динамикасидан мамнунлигини ҳам билдирган.

Фото: Россия Федерацияси ҳукумати ахборот хизмати

Россия ҳукумати раҳбарининг эслатишича, ўтган йили икки томонлама савдо ҳажми учдан бир баробарга ошди, «жорий йилнинг бир ярим йиллигида эса, бу тенденция сақланиб қолмоқда». «Ўзаро савдонинг ўсиши деярли учдан бир қисмни ташкил этди - 32%. Россия Ўзбекистоннинг савдо шериклари орасида яна биринчи ўринга кўтарилиб олди, бу бизни қувонтириши табиий», - дея қайд этиб ўтди бош вазир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Россия АЭС қурилиши ҳақида келишиб олгани хабар берилганди.

Мавзуга оид