Жаҳон | 16:50 / 13.09.2018
44091
3 дақиқада ўқилади

Видео: Петров ва Боширов инглизлар кечирим сўрашини талаб қилишди

Британия полицияси томонидан Россия разведка бошқармаси собиқ ходими Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Скрипални заҳарлашда гумондор сифатида кўрсатилган Александр Петров ва Руслан Боширов Russia Today телеканали орқали чиқиш қилишди. Олдинроқ хабар қилинганидек, телеканал раҳбари Маргарита Симонян гумонланувчилар билан суҳбатлашган.

«Александр Петров ва Руслан Боширов - бу бизнинг ҳақиқий исмларимиз (Британия полицияси бу гумондорларнинг ҳақиқий исми эмаслигини, улар сохта паспорт билан Британияга келишганини таъкидлаганди - таҳр.). Лондонга ўз ишларимиз билан борганмиз. Солсберида Олд Сарум, Стоунҳенж каби диққатга сазовор ерларни томоша қилдик. 3 март куни бўрон кўтарилди ва биз шаҳарни айлана олмадик. 4 март куни эса барибир у ерларни бориб кўришга қарор қилдик (Британия полицияси гумондорлар Солсберига икки марта боришганини айтганди. Инглизларнинг фикрича, Петров ва Боширов 3 март куни аввалига вазиятни ўрганиш учун сафар қилишган. 4 март куни эса яна Скрипалнинг уйига бориб, уй эшиги дастагига «Новичок» моддасини суртиб қўйишган).

Олдин Скрипаль ким экани ҳақида умуман эшитмагандик. Бизнинг ёнимизда «Nina Ricc» номли духи борлиги сафсата (Британия полициясининг маълум қилишича, «Новичок» айнан «Nina Ricc» номли аёллар атири идишига солинган бўлган). Эркак одам ўзи билан аёллар духисини олиб юрадими? Бу ғалати эмасми?

Бизнинг шахсий ҳаётимизга аралашманглар. Биз сизнинг олдингизга ҳимоя сўраб келгандик, лекин сиз бизни сўроққа чақирган кўринасиз. Биз разведка бошқармасида ишламаймиз. Биз тадбиркорлармиз. Фитнес индустрияси билан шуғулланамиз.

Британияликлар кўп нарсани гапиришади. Биз аэропортда доим битта йўлакдан юрганмиз. Биз Скрипални ким ўлдирганини билмаймиз, лекин агар ҳақиқий жиноятчилар топилса, инглизлар биздан кечирим сўрашини ва бизни тинч қўйишларини хоҳлаймиз»,- дейишди айбланувчилар 25 дақиқалик суҳбат давомида.

Мавзуга оид