Буюк Британия ҳукумати ва махсус хизматлари томонидан Солсбери шаҳрида Россия Разведка бошқармасининг собиқ полковниги Сергей Скрипаль ҳамда унинг қизи Юлия Скрипални заҳарлашда айбланган россиялик Александр Петров ва Руслан Боширов ўзларини Буюк Британияга борган сайёҳлар деб маълум қилишди. Улар ўзларини вазият қурбони деб аташган. Аммо уларнинг сўзлари британ полицияси маълумотларига мос келмайди. «Би-би-си» шу ҳақда материал тайёрлади.

Буюк Британия ҳукумати томонидан Россия Разведка бошқармаси жосуслари деб аталган бу шахслар RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньянга интервью беришган. Аввалига Британия полицияси улар сохта исмлар билан виза олиб, Буюк Британия ҳудудига киришганини билдирганди.

RT эфирида кўриниш берган шахслар Буюк Британия полицияси тарқатган суратлардаги шахслар бўлиб, улар интервью давомида ҳақиқатан март ойи бошида Солсберида бўлишганини тан олишган. Лекин улар Разведка бошқармаси ходимлари эмаслигини таъкидлашиб, фитнесс бизнеси билан шуғулланишларини, Буюк Британияга сайёҳлик ва хусусий ишларини бажариш мақсадида боришганини айтишган.

Улар Скрипалларга ҳужумга алоқадорлик ҳақидаги барча даволарни рад этишган. Улар Скрипаллар ҳақида аввал эшитишмаганини айтиб, Разведка бошқармасида ишламасликларини такрорлашган.

Аммо уларнинг жавобларидаги айрим жиҳатлар янги саволларни пайдо қилади.

1. Ғалати туристик маршрут

«У ерда машҳур собор бор. Солсбери собори. Уни бутун Европада ва бутун дунёда яхши билишади. У ўз гумбазлари баландлиги 123 метрлиги билан ажралиб туради. У ўз соатлари билан ҳам машҳур», дея такрорлашган Петров ва Бошироқ худди энциклопедиядан иқтибос келтиргандек.

Петров ва Боширов уларга дўстлари аввалдан ушбу соборни бориб кўришни маслаҳат қилиб келишганини айтишган. Айтишлари бўйича 4 март куни (Скрипаллар заҳарланган кун) улар Солсберига бориб, соборни зиёрат қилишган, паркни айланишган, қаҳва ичишган, инглиз готикасидан завқланишган. «Собор жуда чиройли эди, у ерда кўплаб туристлар, рус тилида сўзлашадиган бошқа туристлар ҳам бор эди», дейди Боширов. Скрипаллар уйи олдидан ўтишгани ҳақидаги саволга улар ишонч билан жавоб бера олишмган: «Биз Скрипалнинг уйи қаердалигини билмаймиз! Ўша кўчадан балки ўтгандирмиз, балки ўтмагандирмиз».

Ҳолбуки, янгиликлардан барча Скрипаллар уйи қаерда жойлашганини билиб бўлишганди. Бу уй шимолий вокзал яқинида, «россиялик туристлар» келган жойда жойлашган. Полиция тарқатган суратларда Боширов ва Петров Скрипалнинг уйи жойлашган кўчадан ўтгани тасвирланган, аммо улар Солсбери соборига боргани ҳақидаги суратлар йўқ. Қолаверса, Скрипалнинг уйи туристик ҳудудда жойлашмаган. Солсбери собори эса бутунлай қарама-қарши томонда жойлашган.