KUN.UZ таҳририятига Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани «Раваллиқ» МФЙда барпо этилган намунали уй-жойда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан мурожаат келиб тушди. Олдинга ўтиб айтиш керакки, Kun.uz мухбири мазкур мурожаат юзасидан аҳоли пунктида бўлиб қайтди ва мурожаатда кўрсатиб ўтилган важлар ўз исботини топди. Боз устига, таҳририятимизга йўлланган мурожаат хати жуда пухта, равон ёзилгани учун уни деярли таҳрирламасдан эълон қилишга қарор қилдик.

«Албатта, об-ҳаво ноқулай келса, газ ва электр таъминоти таъмирлаш ишлари кетаётгани боис вақтинча узилса ёки музлатгичда гўшт қолмаса, бу — давлатнинг айби эмас.

Аммо Шароф Рашидов тумани «Раваллиқ» МФЙга қарашли 375та намунали уй-жойлар массивида янги орзу-ҳаваслар билан кўчиб борган аҳолини қийнаётган масалалар Юртбошимизнинг «Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган куйинчак талабига мутлақо мос эмаслиги билан юқоридаги айбловга сабаб бўлмоқда.

Гапни узоқдан бошлаймиз.

Президентимизнинг «2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилингунига қадар 2015 йилда Шароф Рашидов тумани «Тоқчилик» мавзесида «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ Жиззах вилояти бўлими ва пудратчи ташкилотлари билан «ҳамкорликда» барпо этилган қоғозда битган амалда эса чала 3-хонали жами 325 та коттежларга аҳоли кўчиб кела бошлади (Изоҳ: 2016 йилда қурилиш бошланган ана шу типдаги 50 та коттеж ҳануз чала аҳволда турибди).

Аввало, ушбу коттежлар ноқулай даланинг ўртасида барпо этилган. Мазкур жойларнинг ўрни аввал балиқчилик хўжалиги бўлиб, кейинчалик хўжалик тугатилиб, ўрни фермер хўжаликларга бўлиб берилган. Теварак-атроф фермер хўжаликларига қарашли пахта ва ғалла далалари, тўқайзорлар, қамишзорлар шунингдек, янтоқзорлар билан ўралган, ер ости сувлари нисбатан яқин, тупроғи кучли шўрланган, зовур яроқсиз ҳолатга келган, бунинг устига қурилиш чиқиндилари тўлиғича коттежлар ҳовлисига тўкилиб, текисланган.

Бу ерда яшовчи аҳоли учун хар хил турдаги «ноёб» ҳашоратлар янгилик эмас, чунки уларнинг тури ҳам кўп сони ҳам. Томорқани томорқа қилиш ҳам катта маблағ, ишчи кучини талаб қилади. Бир қиш ва ёзни ўтказгандан сўнг аҳоли уйни «одам» қилиш учун ҳали кўп меҳнат ва пул сарфлаш кераклигини билиб олишди.