Жамият | 08:50 / 15.09.2018
30679
3 дақиқада ўқилади

Таомдан топилган каламуш Хитойдаги ресторанлар тармоғига 190 млн долларга “тушди”

Фото: Getty Images

Хитойдаги Xiabu Xiabu ресторанлар тармоғи акциялари нархи таомдан топилган каламуш боласи сабабли 12 фоизга тушиб кетди. Бунинг оқибатида компания камида 190 млн доллар зиён кўрган.

Тармоқнинг илк ресторани 1998 йилда очилган бўлиб, ҳозирда Хитой бўйлаб 300 тадан кўпроқ ресторанга эга. Бу ресторанлар Хитойнинг деярли барча йирик шаҳарлари, жумладан Вэйфанда ҳам мавжуд бўлиб, бу ердаги ресторан ошпазлари тайёрлаган шўрва сабабли тармоқнинг “шўрига шўрва тўкилди”.

Гап шундаки, ресторанга эри билан бирга келган ҳомиладор аёл шўрвасидан каламуш боласи чиққан. Бунгача эса аёл шўрвадан бир неча қошиқ татиб кўришга улгурган. Жуфтлик дарҳол ресторан бошқарувчисини чақиртириб, уларга “топилма”ни кўрсатишган.

Фото: WEIBO

Ресторан маъмурияти дарҳол мижозга етказилган маънавий зарарни қоплаш учун 5 минг юан (730 доллар) беришни таклиф қилган. Бироқ эр-хотин пулни олишдан бош тортиб, аёл еган овқати унга ва ҳомиласига зарар етказмаганига ишонч ҳосил қилиш учун тиббий кўрикдан ўтиши кераклигини, шундан кейингина товон пули ва унинг миқдори ҳақида гаплашиш мумкинлигини айтган.

Фото: WEIBO

Шунда рестораннинг “зийрак” ходимлари нафақат тиббий кўрик ҳақини тўлаб беришни, балки аёлга аборт қилишни таклиф қилиб, бунга кетадиган 20 минг юанлик (3 минг доллар) харажатни ўз зиммаларига олишларини айтишган.

Жуфтлик аборт ҳақидаги ўринсиз сўзларни эшитгач, ресторан билан барча музокараларни бас қилиб, бўлиб ўтган воқеа ҳақида шўрвадаги каламуш суратини илова қилган ҳолда  
интернетда маълум қилган.

Тез орада сурат Weibo ижтимоий тармоғида тарқалиб, ресторанлар тармоғи акцияларига таъсир қилган. Акциялар 11 сентябрда 2017 йил откябридан бери энг минимум қийматга тушиб кетган. Тармоқ раҳбарияти машъум ресторанни вақтинчалик ёпишга, турли санитария хизматлари текширувларидан ўтишига ва ОАВда ўзини кўплаб маротаба оқлашига тўғри келган. Бироқ айтиш жоизки, 12 сентябрдан тармоқ акциялари нархи яна кўтарила бошлаган. 

Мавзуга оид