Ўзбекистон | 13:30 / 16.09.2018
5341
2 дақиқада ўқилади

Сувдан оқилона фойдаланиш: Матбуот хизматлари ва ОАВ ходимлари учун тренинг бўлиб ўтди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Ўзбекистоннинг давлат идоралари матбуот хизматлари ва журналистлар учун "Матбуот хизматлари ва ОАВ: сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш мавзусини ёритишда ўзаро ҳамкорлик" номли тренинг ўтказилди. Тадбир Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган, дея хабар беради KUN.UZ мухбири. 

Журналистлар ва матбуот хизматлари ходимлари сувга доир назарий билим олиш баробарида ушбу мавзуни ёритишда томонлар билан ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилишди. Тренинг давомида иштирокчилар ўзаро ҳамкорлик усулларини шакллантириб, зарур таҳлил ва хулосалар чиқаришди. 

Тадбирни Россия Ижтимоий тизимларни стратегик бошқариш институтининг стратегик ривожланиш бўйича директори Андрей Бойцов ўтказди. У ОАВ ва матбуот хизматлари вакиллари фаолиятидаги ижобий ва салбий жиҳатлар ҳақида сўз юритиб, уларни таҳлил қилди. 

Андрей Бойцов таълим бериш соҳасида катта тажрибага эга бўлиб, кенг кўламли ижтимоий фаолият олиб боради. У Санкт-Петербург губернаторлиги қошидаги Кичик тадбиркорликни ривожлантириш жамоатчилик кенгашининг этика ва ижтимоий жавобгарлик бўйича комиссияси аъзоси,  «NOE» Халқаро бизнес олим ва тадқиқотчилари ҳамжамияти (АҚШ), Ленинград олимлар иттифоқи (РФ) аъзоси ва  Planetary Development Institute(БАА) эксперти ҳисобланади.

Мазкур тренинг машғулоти UzWaterAware лойиҳаси доирасида МОМЭМ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган бўлиб, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади. 

Тренинг якунида журналистлар ва матбуот хизматлари ходимларига сертификатлар топширилди. 

Мавзуга оид