Ўзбекистон | 16:21 / 18.09.2018
3976
2 дақиқада ўқилади

Тедрос Гебрейесус: “Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”

Италия пойтахти Рим шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг 68-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, сессияда тиббиёт соҳасида глобал даражадаги масалалар атрофлича кўриб чиқилмоқда. Чунончи, экологиянинг дунё халқлари саломатлигига таъсири, озиқ-овқат стандартлари, бирламчи тиббий ёрдамнинг ўрни ҳамда турли юқумли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, дори-дармон нархлари, тамаки ва алкоголь истеъмолининг зарарлари, жисмоний фаолликнинг аҳамияти, семиришнинг оқибатлари кенг муҳокама этилмоқда. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Тадбир доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус билан учрашди. Мулоқот чоғида юртимизда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимидаги ижобий ўзгаришлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режа ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.

Ўз навбатида, Тедрос Гебрейесус ҳам аҳоли саломатлигини асрашни асосий устувор вазифа сифатида белгилаш бу келажак авлодлар камолга етишининг энг тўғри йўли эканлигини таъкидлади. 

Шунингдек, у ЖССТ ва Ўзбекистон ўртасида мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканини ҳамда Ўзбекистонга амалга оширилажак ташрифни интиқлик билан кутаётганини билдирди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон делегацияси Россия, Беларусь, Туркия,  Қозоғистон, Арманистон,  Озарбойжон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон давлатларининг делегатлари билан ҳам келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда истиқболли режалар хусусида икки томонлама самарали учрашувлар ўтказди.

Мавзуга оид