17 сентябрь куни Илон Маск SpaceX компанияси томонидан яратилаётган BFR ракетасида Ойга саёҳат қиладиган илк сайёҳ япониялик миллиардер Юсаку Маэдзава бўлишини маълум қилди. Унинг исми ватанидан ташқарида унчалик ҳам таниқли эмас, аммо Юсаку Японияда анчагина обрўга эга.

Ишни диск сотишдан бошлаган миллиардер
Маэдзава 1975 йилда Япониянинг Камагая шаҳарчасида бухгалтер ва уй бекаси оиласида туғилган. 1991 йилда ўзи ўқиётган мактабда Switch Style рок гуруҳига асос солган ва гуруҳда барабанчилик қилган.
Ўқишни битиргач, АҚШга йўл олган ва у ерда таниқли хонандаларнинг CD-дисклари ва пластинкаларини коллекция қилган. 1995 йилда Юсаку Японияга бизнес ғоя билан қайтади. У тўплаган коллекция почта орқали мусиқий CD-дисклар етказиб берувчи компания ташкил этилишига асос бўлади.

1998 йилда 22 ёшли Маэдзава Start Today фирмасини очади. Фирма интернет буюртмалар асосида таниқли хонандаларнинг қўшиқлари ёзилган компакт-дискларни сотиш билан шуғулланади. Бир неча йилдан кейин эса ёш тадбиркор Zozotown деб номланган кийим-кечак сотиладиган интернет-магазинни ташкил қилади.
Маэдзаванинг дастлаб тўрт киши ишлаган компаниясида 2018 йилга келиб ходимлар сони 900га етди, Zozotown эса Япониядаги кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи энг йирик интернет-магазин ҳисобланади. Forbes маълумотига кўра, Маэдзаванинг бойлиги 3 миллиард долларга яқин бўлиб, у Япониянинг энг бой кишилари рўйхатида 18-ўринда қайд этилган.

Санъат шайдоси
Маэдзава ватанида хайрия фаолияти орқали танилган. У 2003 йилда футболка сотишдан тушган 53 минг долларни хайрия фондига ўтказган. Шунингдек, ўзи туғилиб-ўсган Тиба префектурасидаги стадионни тиклаш учун бир миллион доллар ажратган.
















