Европада футбол аста-секинлик билан тезликни оширмоқда. Кечагина жамоалар Европа Лигаси гуруҳ босқичида дастлабки турни ўтказишган бўлса, бир кун ўтмай, бугундан миллий чемпионатларда навбатдаги тур бошланади.

Дам олиш кунларининг эътиборга молик учрашувлар анонси билан «Tribuna.uz» ҳам бу ўйинларга алоқадорликда давом этади.

«ҲОФФЕНҲАЙМ» – «БОРУССИЯ» ДОРТМУНД (22 сентябрь, 18:30)

Бундеслигадан Чемпионлар Лигасида қатнашаётган, яъни ўтган мавсумнинг омадли 4 жамоаси бу ҳафта ўзаро ўйинларда майдонга тушишади.

«Ҳоффенҳайм» ҳам, «Боруссия» ҳам еврокубокдаги илк ўйинларини яхши ўтказишди. Дортмундликларнинг ғалабаси аввалдан кутилган бўлса, «Ҳоффенҳайм» сафарда «Шахтёр» билан дуранг ўйнади. Жуда кўп асосий таркиб футболчилари жароҳат олган Нагельсман жамоаси учун Донецкда мағлубиятга учрамаслик ҳам катта натижа.

«Вирсол Рейн» стадиони дортмундликлар учун жуда ноқулай эканини таъкидлаш керак. Бу стадионда ушбу жамоалар ўртасида ўтказилган сўнгги 8 ўйинда «Боруссия» атиги 1 маротаба ғалаба қозонган холос. Масалан, ўтган мавсумда шу стадионда ўтган ўйин 3:1 ҳисобида майдон эгаларининг ғалабаси билан тугаганди. 3 турдан сўнг 7 очко жамғариб, «Бавария»ни таъқиб қилаётган жамоа учун эса, ҳар ўйинда ғалаба қозониш шарт экани шубҳасиз.

Таркибларга келсак, мезбонлар таркибида тикланиб улгурган футболчилар йўқ. Хюбнер ҳам, Амири ёки Рупп ҳам тикланиш жараёнини давом эттирмоқда. Меҳмонлардан эса, янги ҳужумчи Пако Алкасернинг майдонга тушиши сўроқ остида. Шунингдек, португалиялик ҳимоячи Рафаел Геррейро жароҳатидан фориғ бўлди ва асосий таркибда бўлмаса ҳам, балки захира ўриндиғида пайдо бўлиб қолиши мумкин.

«ШАЛЬКЕ» – «БАВАРИЯ» (22 сентябрь, 21:30)

Иккинчи жуфтлик янада жаранглироқ. «Шальке» фақат ўтган йилнинг ҳурмати ва ҳозирда Чемпионлар Лигасида иштирок этаётгани учун учрашув аҳамиятини оширмоқда холос, зеро жамоанинг янги мавсум стартига ҳавас қилиб бўлмайди. Тўғри, ҳозирча жамоа жуда қийин тақвимга тушиб қолган, «Вольфсбург», «Ҳерта» ва менхенгладбахликлар анойи рақиб эмас, аммо бу ўйинларда ҳеч бўлмаса 1 очко олиш керак эди. Бунинг устига, анча қулайроқ бўлган гуруҳда ЕЧЛ ҳам у қадар яхши бошланмади – «Порту»га қарши уй ўйинида ғалаба ушлаб қолинмади – 1:1.

«Бавария» эса, ҳар сафарги режимда, Германия кубоги ва Суперкубогидан тортиб, барча Бундеслига ўйинлари, шу билан бирга Чемпионлар Лигасидаги сафар учрашуви ҳам ғалаба билан якунланди. Янги мураббий Нико Ковач қўл остида жамоа жуда прагматик ва самарали ўйин кўрсатмоқда.