2018 йил учун инфляциянинг дастлабки прогноз кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилиб, йиллик инфляция прогнози 16-17 фоизгача оширилди, деб хабар бермоқда Марказий банк.

Марказий банкнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил якуни бўйича иқтисодиётнинг ўсиш суръати 5,0–5,2 фоиз оралиғида бўлади. Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари бўйича белгиланган таркибий ислоҳотлар ва давлат корхоналарининг босқичма-босқич барқарор даромадлилик кўрсаткичларига чиқиши 2019 ва ундан кейинги йилларда ЯИМ реал ўсиши суръатларининг ошишига ижобий таъсир кўрсатади.

Асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар, шу жумладан, ҳукуматнинг инвестицион характердаги харажатларининг юқори ўсиш суръатлари ҳамда истеъмол талабининг ошиши ташқи омилларнинг иқтисодий ўсишга салбий таъсирини юмшатиш имконини беради.

Хусусан, қурилиш ишлари, айниқса уй-жой қурилиши ҳажмларининг ортиши ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиши ушбу тармоқлар ва уларга туташ соҳаларда қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкор мамлакатлардаги иқтисодий ва молиявий барқарорлик ўрта муддатли истиқболда миллий иқтисодиётимиз ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади.

2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича тўлов баланси жорий операциялар ҳисобварағи қолдиғи -1,1 млрд. АҚШ долларни ташкил этди. Бу асосан ускуналар, технологик линиялар, хомашё ва ишлаб чиқаришга мўлжалланган бошқа товарлар импортининг юқори суръатларда ўсиши билан изоҳланади.

Мазкур инвестицион талаб асосан хорижий кредит линиялари ва банкларнинг хорижий валютадаги кредитлари ҳисобига қопланмоқда.

Марказий банкнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўрта муддатли истиқболда тўлов балансидаги таркибий ўзгаришлар, юқори суръатларда ўсаётган инвестицияларни молиялаштиришда ташқи ресурслар улушининг ошиб бориши билан бирга иқтисодиётнинг янги шароитларга мослашувини ўзида ифода этади.

2018 йилнинг II чорагида валюта тушумларининг ортиши монетар олтинни сотиб олиш натижасида вужудга келган қўшимча ликвидликни ўз вақтида стерилизация қилиш борасидаги Марказий банк имкониятларини қисман чеклади.

Шу билан бир қаторда, 2018 йилнинг август ва сентябрь ойларида бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларининг ишлатилишини маълум даражада кўпайиши кузатилмоқда. Бу ҳам, ўз навбатида банк тизимидаги ликвидликнинг қўшимча ошишига олиб келмоқда.