Ўзбекистон табиати хақида сўз кетганда, албатта, илиқ гап эшитасиз. Боиси 4 фаслни ўзида жамлаган бу ҳудуд табиати турфа хиллиги, бетакрор манзараси билан кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда экотуризмни ривожлантиришга бўлган эътибор ҳам айни омиллар билан боғлиқ.  

Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари билан кўплаб соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйган. Айниқса, сўнгги йилларда бу тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам.

Куни кеча АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган “Сўқоқ” ўрмон хўжалигида семинар-тренинглар ташкил қилинди.

АҚШ ўрмон хизматининг юқори тажрибали мутахассислари олиб борган семинарда, асосан, ўрмоннинг табиий манбаларига зарар келтирмасдан сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида тажриба алмашилди.

KUN.UZ таҳририяти ҳам семинарда иштирок этди ва АҚШ ўрмон хизмати мутахассиси Лия Лорд билан айни мавзуда суҳбатда бўлди.

- Мен АҚШ ҳукумат хизматининг халқаро бўлимида ишлайман. Бу ердалигимдан мақсад Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш. Айта олишим мумкинки, ватанингизда жуда гўзал жойлар кўп. Мен шундай жойларнинг кўпроғини кўришни истайман. Мен Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби тарихий ва замонавий шаҳарларида бўлдим. Аммо Ўзбекистонда табиат гўзаллиги акс этган жойлар ҳам бор ва улар сони кўп. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўйлаймизки, мана шундай жойларни жаҳонга кўрсатиш, экотуризмни ривожлантириш учун мамлакатингизда салоҳият бор.

Айни дамда ўзбекистонлик ҳамкасбларим экотуризмни ривожлантириш учун тинимсиз, фаол ҳаракат қилишмоқда. Масалан, Тошкентга яқин “Сўқоқ” хиёбонини олайлик. Шаҳарликлар бу ерга келиб ҳордиқ чиқаришлари, сайр этишлари, табиатни, тоғларни томоша қилишлари мумкин. Бу Ўзбекистондаги ана шундай жойларга намуна бўла олади. Шу сабаб биз нима қилиш кераклигини кўрсатиб бериш учун айнан “Сўқоқ”да ишлаяпмиз.

Фото: Лия Лорд/Kun.uz

Мен ўзбекистонликларни табиатга бўлган муносабатлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмасман, аммо шу ерлик ҳамкасбларим табиатни жуда яхши кўришади. Биз барчамиз маҳаллий одамлар ҳам, хорижликлар ҳам Ўзбекистон табиатидан, унинг мўъжизакор манзарасидан завқ олишларини истаймиз.