Испания чемпионатида 5-тур якунланди. Бу турда «Барселона» ҳам ғалабасиз сериясини якунлашга мажбур бўлди ва ўз ўйинида ғалаба қозонган «Реал» очколар сони бўйича каталонияликларни қувиб етди. «Трибуна» Примерада тур якунларини сарҳисоб қилади.

«Қироллик клуби» - муҳими очко

«Реал» - «Эспанол» - 1:0 (1:0)
Гол: Асенсио, 41. 
«Реал»: Куртуа, Одриосола, Варан, Серхио Рамос, Начо, Модрич, Каземиру, Себальос (Васкес, 63), Иско (Льоренте, 79), Бензема (Диас, 60), Асенсио.
«Эспаньол»: Диего Лопес, Хави Лопес, Налду, Эрмосо, Вила, Перес (Серхио Гарсия, 70), Гранеро, Рока, Дардер (Виктор Санчес, 55), Пьятти (Леу Баптистан, 55), Борха Иглесиас.
Огоҳлантиришлар: Начо, 6. Рока, 26. Хави Лопес, 45+2. Каземиру, 77. 
Ҳакам: Матеу Лаос (Испания).
22 сентябрь. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони.

Аъло старт
Кейинги 10 йилда Испания чемпионати турнир жадвалида 8-ўриндан юқорига кўтарила олмаган «Эспаньол» бир боши юқори сакраб, мавсумни жуда яхши бошлади. 4 турдан кейин «тўтиқушлар» жамоаси 2 ғалаба ва 1 дуранг эвазига 7 очко билан тўртинчи ўринда жойлашганди. Каталонияликлар «Валенсия» (2:0) ва «Леванте»ни (1:0) мағлуб этишганди. Жамоа 5-тур арафасида иккинчи ўриндаги «Реал»дан 3 очко ортда эди ва жамоа Мадридга «кучли учлик»ка кириш мақсадида келганди.

22 йил ғалабасиз
Лекин бу иш жуда мураккаблиги аён эди. Статистика каталонларга буткул қарши. «Эспаньол» Мадридда охирги марта 1996 йилнинг апрелида ғалаба қозонган, ўшанда Жорди Лардин «Сантяго Бернабеу»да дубль қайд этиб, жамоаси 3 очко билан қайтишини таъминлаганди. Ўшандан буён ўтган 22 йил давомида жамоа Мадриддаги стадион газонига 22 бор чиқди ва 19 марта мағлуб бўлиб, 3 бор дуранг ўйнади. Охирги 5 ўйинда «Қироллик клуби» йирик ҳисобларда ғалаба қозонган, тўплар нисбати - 16:1.

Бэйлга дам ва Одриосолада дебют
Мадридликлар ҳам ЕЧЛда иштирок этаётгани туфайли жамоа бош мураббийи Хулен Лопетеги ротациялар амалга оширди. У Чемпионлар лигаси доирасида «Рома» дарвозасига ажойиб гол урган Гарет Бэйлга дам беришга қарор қилди ва Асенсио асосий таркибда ҳаракат қилди. Шунингдек, Себальос майдонда илк дақиқалардан ҳаракат қилди. Жамоанинг янги аъзоси, баск ҳимоячиси Одриосола эса бу ўйинда дебютини амалга оширди. «Реал»ни олдиндаги ҳафтада 3 ўйин кутиб турибди: 26-29 сентябрь кунлари Испания чемпионати доирасида «Севилья» (сафарда) ва «Атлетико»га қарши (уйда), 2 октябрь куни ЕЧЛ доирасида ЦСКАга қарши ўйин (сафар). Шундай экан, етакчиларга дам, ёшларга ўйин амалиёти.