Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2.07.2018 йилдаги ПҚ-3827-сон қарорида (14-банд) қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Шунингдек мазкур ҳужжат билан махсус реабилитация маркази ташкил этилган, жабрланганлар мурожаат қилиши учун «тезкор алоқа» йўлга қўйилган.
Norma’нинг ёзишича, тақдим этилган қонун лойиҳасининг тушунчалар доираси кенг. Авваламбор, маиший зўрлик ишлатиш деганда кундалик оилавий турмушда бир шахс (бир гуруҳ шахслар) томонидан бошқа шахсга нисбатан унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, жинсий дахлсизлиги, ор-номуси, қадр-қимматига ҳамда қонун билан ҳимояланадиган бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилиши тушунилади.
Маиший зўрлик ишлатиш турли шаклда бўлиши мумкин:
• руҳий (инсон қадр-қимматини таҳқирлаш, камситиш, ҳақорат қилиш, туҳмат қилиш, доимий танқид қилиш, мазах қилиш, уйдан чиқиб кетиши ёки уйдан ҳайдаш билан таҳдид қилиш ва бошқалар);
• жисмоний (куч ишлатиш);
• жинсий (жинсий алоқага мажбурлаш);
• иқтисодий (турар жойидан, емишидан, кийим-кечагидан ва бошқа мол-мулкидан маҳрум қилиш).
Маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш билан бевосита прокуратура, адлия, ички ишлар, меҳнат, таълим ва соғлиқни сақлаш органлари, шунингдек Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» маркази ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари шуғулланадилар. Қонун лойиҳаси билан уларнинг ваколатлари батафсил тартибга солинган.
Маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизими умумий ва якка тартибдаги чора-тадбирларни ўз ичига олади. Биринчисига тегишли давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳуқуқий тарғибот ва таҳлилий ишлар киради. Иккинчиси - аниқ ва махсус йўналтирилган тадбирлар: маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш юзасидан ўтказиладиган суҳбатлар, ҳимоя ордерини расмийлаштириш, аҳолини ушбу ҳаракатларни келтириб чиқарадиган сабаблар ва шарт-шароитлар ҳақида хабардор қилиш ҳамда жабрланганларни махсус реабилитация марказларига жойлаштириш.

















