Тошкентда ўқувчи «экстрим-селфи» оқибатида вафот этди
Табиатан шўх Собиржон (исм-фамилияси ўзгартирилган) пойтахтдаги мактаблардан бирининг 8-синфида ўқирди, деб ёзади «Ҳуқуқ» газетаси.
У ўша куни тенгдошлари билан футбол ўйнагач, уяли телефонини олиб, интернетга кирди ва ижтимоий тармоқлардаги дўстларининг суратларини кўриб чиқди. Уларга ҳаваси келди. Шу боис, дўсти Рустамжон билан уйга қайтаётиб, селфига тушди. Суратни ижтимоий тармоққа жойлади. Аммо бу уни қониқтирмади. «Бу сурат ҳеч кимга қизиқ эмас. Борингки, 6 ёки 7 ўртоғим лайк босади» деган хаёл ўтди Собиржоннинг миясидан. Демак, бошқача, ҳеч кимникига ўхшамайдиган ҳолатда «селфи»га тушиш лозим. Шу пайт кўзи темир йўл бекатида тўхтаб турган поездга тушди-ю, ўша томон шошди.
Улар темир йўл бекатига яширинча кириб, поездларнинг ёнида турли ракурсларда «селфи»га тушишди. Собиржон аввалига поездга осилиб, суратга тушди. «Қойил! Зўр чиқди! Дўсти суратни кўриб, Собиржоннинг «жасорат»ини олқишлади. Бу мақтовдан ҳаволанган Собиржон энди бошқача ракурсда «селфи»га тушмоқчи бўлди. Рустамжон унинг фикрига қўшилмади. Кеч бўлиб қолганини айтиб, уйга қайтишни илтимос қилди. Аммо Собиржон унга қулоқ солмади, ён-атрофга қараб туришни тайинлаб, ўзи поезднинг устига чирмашиб чиқа бошлади. Рустамжон эса биров кўриб қолмасайди, деган ҳадик билан атрофни кузата бошлади. Шу пайт қаттиқ овозни эшитиб, чўчиб тушди. Қўрққанидан «Собиржон, кетдик», дея бақириб, поезд устига қаради-ю, қотиб қолди… Поезд устидан юқори кучланишли электр токи ўтган эди.
Собиржон танасининг 75 фоизи куйганига қарамай, шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан 6 ой яшади, холос. Афсуски, поезд устидаги «ажойиб селфи» унинг бевақт ўлимига сабабчи бўлди, деб ёзади нашр.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024