«Донецк халқ республикаси»даги жанговар ҳаракатларда иштирок этган кўнгилли аскар, «Лочин» лақабли Руслан Бобожонов 28 сентябрь куни Нижний Новгород аэропортида қўлга олинди.
Энди у экстрадиция қилиниши мумкин. Бу ҳақда Федерал янгиликлар агентлигига Донбасснинг Ҳарбий жасорат музейи раҳбари Герман Владимиров маълум қилди.
«Руслан «ДХР» паспортига эга, бундан ташқари у - Ўзбекистон фуқароси. 2014 йилда у юрак амри билан Донбассдаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун келди. У 2014 йилда энг қайноқ нуқталар - ҳам Саур-Могила, ҳам Донецк аэропортида жанг қилган «Восток» батальонида бўлган. Нижнийдаги ҳамкасбларим огоҳлантирилди. Улар ҳозир унинг олдига адвокат билан боришмоқда. Биз бу ишни зудлик билан қатъий назоратга олдик», - дея таъкидлаб ўтди Герман Владимиров.
Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик Нижний Новгороддан Ростов-Донга учиб кетиши керак эди, аммо у Интерпол мурожаати билан транспорт полицияси томонидан ушланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси - «Ёлланиш» бўйича ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ёлланма шахсни ёллаш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, худди шунингдек ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш — етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.















