Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси президенти Нурхон Нафасов нега тез фурсатда ишдан олинди? Ишдан олинаётган вақтида унинг қонуний вакили нега навбатдан ташқари конференцияга киритилмади? Конференцияни ўтказишда Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган федерация низомига амал қилинганмиди? Миллий олимпия қўмитаси каратэ федерацияси президентига Осиё ўйинлари учун аккредитация бермагани ростми? Унгача федерацияга раҳбарлик қилган шахслар маҳаллий тўлов бадалларини кирим қилмай ўзлаштиргани ҳақидаги маълумотлар қанчалик ҳақиқат?

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси ўтказилгани ва Аламжон Муллаев ташкилотнинг янги раҳбарига айлангани ҳақида хабар қилди.

Хабарда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Адлия вазирлиги вакиллари, федерация Ижроия қўмитаси аъзолари, вилоят федерациялари раҳбарлари, ҳакамлар, мураббийлар ва терма жамоа аъзолари иштирок этишгани айтилганди. Лекин 12 йиллик танаффусдан сўнг, шу йилнинг май ойида федерация раҳбари этиб сайланган Нурхон Нафасов қисқа вақт ичида лавозимини тарк этиши сабаби номаълумлигича қолганди.

«Kun.uz» мухбири Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг собиқ ва ҳозирги раҳбарияти билан боғланди ҳамда Нурхон Нафасовнинг офиси жойлашган ҳудудда бўлди. У иш жойида жамоаси билан ишлашда давом этмоқда.

Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси собиқ бош котиби, Осиё чемпиони ва халқаро тоифадаги спорт устаси Отабек Қосимовнинг айтишича, Федерациянинг навбатдан ташқари конференцияси низом талабларига зид равишда ўтказилган.

Жумладан, Низомнинг V бўлим 39-моддасига кўра, Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг навбатдан ташқари конференциялари федерация президенти таклифи билан раёсат томонидан ёки унинг ўз ташаббуси ёхуд тафтиш комиссиясининг ташаббуси асосида чақирилади. Навбатдан ташқари конференциялар икки ойлик муддатда чақирилиши мумкин.

Отабек Қосимовнинг сўзларига кўра, 25 сентябрь куни «Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси ижрочи директори» Н.Иминов номидан Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновга 26 сентябрь куни навбатдан ташқари конференция ўтказилишига амалий кўмак бериш сўралган, сохта муҳр ва эски бланк қоғозида ёзилган хат жўнатилган.

Ваҳоланки, низомда ижрочи директор, ижро қўмитаси лавозимлари ваколатли шахс ёки орган сифатида кўрсатиб ўтилмаган.