Бугун, 3 октябрь куни "Ўзэкспомарказ"да "Ипак йўлида туризм" номли XXIV Тошкент халқаро туризм кўргазмасига старт берилди.

"Ипак йўлида туризм 2018" Тошкент халқаро туристик ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирок этди. У БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти қошидаги Европа минтақавий директори ўринбосари Кристофер Имбсенга Ўзбекистон билан сермаҳсул ҳамкорлик ва Тошкент халқаро туристик ярмаркасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганлик учун миннатдорчилик билдирди.

Азиз Абдуҳакимов "Ипак йўлида туризм" ярмаркаси бутун дунё туризм соҳаси вакиллари саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи Марказий Осиёдаги энг йирик майдон ҳисобланишини таъкидлади. Шунингдек Бош вазир ўринбосари туризм Ўзбекистонда етакчи соҳалардан бири сифатида белгилангани ва бу каби стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбирларга катта эътибор қаратилаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, профессионалларнинг бундай конструктив учрашувлари мамлакатларимиздаги туристик соҳанинг жадал ривожланишига туртки беради.

"Туризм ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш йўлида қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси маҳаллий туризм саноатининг тезкор ривожланиши учун кенг имкониятлар яратади", - деди Бош вазир ўринбосари.

Шунингдек, Ҳукумат мурожаатида хорижий ишбилармонлар учун туризм жозибасини ошиб бораётганини айтилиб, АҚШ, Хитой, Корея Республикаси, Буюк Британия, Нидерландия, Сингапур ва Туркия каби мамлакатларининг инвестицион компаниялари Ўзбекистонда турли инфратузилмавий туристик объектларни яратишга доир қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга қизиқиш билдираётганини таъкидлади.

Тадбирнинг доимий равишда ўтказилиши ва унда хорижий ҳамкорлар ва меҳмонларнинг иштироки унинг халқаро туризм ривожида қанчалик муҳим эканини тасдиқлайди.

"Ипак йўлида туризм" халқаро кўргазмаси икки - Миллий ва Халқаро павильонларда ўтказилмоқда.