Нидерландиядан чиқариб юборилган россияликлар Украина шарқида Малайзиянинг Boeing самолёти қулаши билан боғлиқ ҳодисани текшириш бўйича файлларни ўғирлашмоқчи бўлишган. Бу ҳақда «Би-би-си» Нидерландия Мудофаа вазирлиги маълумотларига таяниб хабар бермоқда.

Фото:  AFP 2018 / ANP / Bart Maat

Бу ҳақдаги маълумотлар россияликлардан бирига тегишли бўлган ноутбукдан олинган. Таъкидланишича, у Кимёвий қуроллардан фойдаланишни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) ва Бутунжаҳон допингга қарши агентликка (WADA) киберҳужумлар уюштиришга уринишда ҳам ишлатилган.

Қайд этилишича, қўлга олиш пайтида россияликлар ўзлари ишлатган уяли телефонларни йўқ қилишга уринишган.

Фото: Dutch police

Нидерландия ҳарбий разведкаси вакили Онно Эйхелсейн КҚТТга киберҳужумга уриниш учун қўлга олинган Россия фуқароларининг исмларини эълон қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Эйхелсейннинг сўзларига кўра, гап «разведка ёрдами» учун масъул бўлган Алексей Минин ва Олег Сотников, шунингдек, кибермутахассилар Евгений Серебряков ҳамда Алексей Моренц ҳақида кетмоқда.

Фото:  AFP 2018 / ANP / Bart Maat

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нидерландия ГРУнинг киберҳужуми олди олинганини маълум қилган. Мамлакатдан 4 россиялик чиқариб юборилгани ҳам қайд этилди.