Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс ЕИ шафелигида вилоятда амалга оширилган лойиҳалар билан танишиш учун Самарқанд шаҳрида бўлди.

Самарқандда айни пайтда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган икки йирик ижтимоий лойиҳа амалга оширилмоқда. Улардан бири Республика болаларнинг ижтимоий мослашув маркази билан ҳамкорликда 2014–2016 йилларда амалга оширилган «Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим» лойиҳаси бўлса, иккинчиси — Техник ҳамкорлик ва ривожлантириш бўйича агентлик АCTED (Франция) томонидан амалга оширилаётган «Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда аёллар жамоатчилик ташкилотлари ролини кучайтириш воситасида аёллар ҳуқуқларини олға силжитиш» лойиҳасидир.

Элчи Эдуардс Стипрайс журналистлар ҳамроҳлигида, аввало, Самарқанд шаҳридаги 13-мактабда бўлди. Бу ерда инклюзив таълим бўйича мувофиқлаштирувчи мутахассис Раъно Халилова йиғилганларни лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар билан таништирди.

Жумладан, йиғилишда жисмоний имконияти чекланган болаларни соғлом болалар орасида ўқитишнинг руҳий ва илмий аҳамияти тўғрисида сўз очилди. Р.Халилова слайдлар воситасида Самарқанд шаҳрида бу йўлда эришилган ютуқлар ва дуч келинган қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берди. Энг муҳими, мавжуд қийинчиликларни енгиб ўтиш учун нималар амалга оширилиши кераклиги ҳам айтиб ўтилди.
Қизғин мунозара шаклида ўтган учрашувда ўқувчиларнинг оналари, ўқитувчи-педагоглар ҳам ўз фикрларини билдиришди.

ЕИ кўмагида ва АCTED томонидан амалга оширилаётган Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат фаолиятини ошириш йўли билан уларнинг ролини кўчайтириш бўйича лойиҳа билан танишиш учун Эдуардс Стипрайс Самарқанддаги «Раҳмдиллик» нодавлат-нотижорат ташкилоти — Мураккаб ҳаётий вазиятдаги аёлларни ижтимоий реабилитация қилиш марказида бўлди.
















