4 октябрь куни АҚШ адлия вазирлиги етти нафар россияликка АҚШга қарши “ёвуз мақсадларда киберфаоллик” кўрсатиш бўйича айблов эълон қилди. Вазирликнинг билдиришича, уларнинг барчаси Бош штаб бош бошқармаси (ГРУ)нинг ходимлари ҳисобланишади ва 2014 йилдан 2018 йил майигача АҚШ ва унинг ташқарисидаги антидопинг агентликлари ва ташкилотларига, хусусан Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA), АҚШ антидопинг агентлиги (USADA), Спорт арбитраж суди (CAS), Енгил атлетика федерациялари халқаро ассоциацияси (IAAF), ФИФА ва яна 34та ташкилотга хакерлик ҳужумлари уюштиришган. Бу ҳақда АҚШ прокурори Скотт Брэйди адлия вазирлиги ўтказган матбуот анжуманида маълум қилди. Вазирлик ва ФҚБ вакилларининг таъкидлашларича, улар шунингдек, Украинага атом реакторлари учун ёқилғи етказиб берувчи Westinghouse компанияси серверини бузиб киришган ва Нидерландияда жойлашган Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) тармоғини бузиб киришга уринишган.

Фото: EPA

Адлия вазирлигининг таъкидлашича, гумонланувчиларнинг ҳаракатлари натижасида аккаунтлари ва почта қутилари бузиб кирилган 30 мамлакатнинг 250 спортчиси ва ўнлаб ташкилотлар жабр кўрган. Гумонланувчиларнинг учтаси - Иван Ермаков, Артем Малишев ва Дмитрий Бадинга АҚШдаги 2016 йилги сайловларга аралашиш айблови шу йилнинг июнида эълон қилинган. Уларнинг барчаси Москвадаги 26165-қисм ҳарбий хизматчилари деб аталмоқда.

АҚШнинг билдиришича, қолган тўрт киши —Алексей Моренец, Евгений Серебряков, Олег Сотников ва Алексей Минин ҳам ўша қисм хизматчилари ҳисобланади. 4 октябрь куни Гаагада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Нидерландия мудофаа вазири Анк Бейлевелд ва миллий ҳарбий разведкаси вакили Онно Эйхелсейн уларнинг КҚТТ компьютер тармоғини бузиб киришга уринишдаги роли ҳақида батафсил маълумот берганди.

Нидерландия ҳукуматининг маълумотига кўра, улар 10 апрель куни Амстердамдан Гаагага учиб келишган ва уларни Россия элчихонаси ходими кутиб олган. Уч кундан сўнг улар ижарага олинган Citroen автомобилини КҚТТ биноси яқинидаги меҳмонхона ёнига қўйишади. Автомобилда ташкилот тармоғини бузиш имконини берадиган қурилма: Wi-Fi  ва смартфонга уланган компьютер, батарея ва антенна солинган сумка бўлган. Голланд томонининг саъй-ҳаракати туфайли улар тармоқни бузиб кира олишмайди. Қурилма мусодара қилинади, россияликлар эса мамлакатдан чиқариб юборилади.

Нидерландия ва Буюк Британия ҳукуматлари вакиллари гумондорлар КҚТТ тармоғига киришга ташкилот Сергей ва Юлия Скрипаллар заҳарланиши бўйича текширув олиб бораётган вақтда уринишганига эътибор қаратишган. Уларнинг фикрича, россияликларнинг навбатдаги нишони Швейцариянинг Шпиц шаҳридаги кимёвий лаборатория бўлган.