Жаҳон | 15:38 / 05.10.2018
17644
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: ГРУ агентларига қарши айбловлар Россияга «камситувчи зарба» берди

Фото: REUTERS

Буюк Британия ва унинг иттифоқчилари Россияга босим ўтказди, бироқ Лондон агар Россия ҳарбий разведкаси хатти-ҳаракатини ўзгартирмоқчи бўлса, кўпроқ саъй-ҳаракатларни кўриши керак, дея ёзади Sky News таҳлилчиси Дебора Хайнс.

Хусусан, 4 октябрь куни Буюк Британия ГРУни киберҳужумлар ташкиллаштиришда айблади. Рус агентларига қарши 4 октябрда мувофиқлаштирилган ҳолда эълон қилинган айбловлар Москвани довдиратиб қўйиш ва тийиб туриш мақсадида амалга оширилди, дея таъкидланади Sky News материалида.

Россиялик жосусларга қўйилган айбловлар британиялик агентлар ўзларининг европалик ва америкалик ҳамкасблари билан биргаликда, улар режаларини бузиш ва фош қилишга қодир экани ҳақида ҳам сигнал юборади, дея таъкидлайди муаллиф.

Британия шу орқали Россиянинг хатти-ҳаракатларини ўзгартира олиши ва Москва Солсберида икки томонга ишлаган агент Сергей Скрипалнинг заҳарланиши ёки Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича ташкилотга (КҚТТ) қарши киберҳужумга уриниш каби «сурбет миссиялар» туфайли жуда катта таваккалга бораётганини кўрсатиб қўйишига умид билдирмоқда.

Айни пайтда, муаллифнинг ёзишича, Москванинг Ғарб билан можарога қандай реакция билдириши номаълум бўлиб турибди.

Бундан ташқари, россиялик жосусларнинг фош этилиши, Буюк Британия ҳамда Нидерландиянинг бу борада тегишли батафсил маълумотларни эълон қилиши, одатда сояда ишлайдиган бундай тузилма учун «камситувчи зарба»га айланди, дея таъкидланади материалда. Буларнинг бари хорижий давлатлар томонидан жосуслик бўйича «келажакдаги режаларга» таъсир қилиши керак, деб ёзади муаллиф.

Бироқ, 4 октябрь куни Россияга қарши Буюк Британия, Нидерландия ва Қўшма Штатларнинг мувофиқлаштирилган ҳолда уюштирилган акцияси - ҳали бошланиши ва ГРУга ҳақиқатан ҳам таъсир ўтказиш учун Британия иттифоқчилари билан бирга янада кенгроқ йўл тутиши керак, дея хулоса қилади Sky News.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия президенти Владимир Путин ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипални палид, деб атаганди.

Мавзуга оид