Бугун, 5 октябрь куни XXIV Тошкент халқаро туризм кўргазмасининг расмий ёпилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради KUN.UZ мухбири.

"Ипак йўлида туризм 2018" номли Тошкент халқаро туристик ярмаркасининг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, кўргазмада фаол иштирок этган соҳа мутахассислари ҳамда ушбу йўналишда самарали ҳамкорлик қилган иштирокчи ва меҳмонларга самимий миннатдорчилик билдирди. У Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилаётгани, қатор хорижий давлатлар учун визасиз режим йўлга қўйилгани ва тез орада яна бир мамлакатга визасиз режим эълон қилинишини маълум қилди.

"Уч кун давомида Ўзбекистон ҳудудларининг ёрқин ва ранг-баранг туристик салоҳияти, Шарқ бозорининг ажойиб ярмаркаси, миллий ошхона, ҳунармандлар шаҳарчаси, рассомлар аллеяси, шунингдек таълим ва тиббиёт туризми каби янги йўналишларга гувоҳ бўлдингиз. Тошкент халқаро туристик ярмаркаси туризм йўналишидаги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, тажриба алмашиш учун асосий майдон бўлиш билан бирга, йилдан-йилга Ипак йўли маданий-тарихий ҳамда табиий мероси тарғиботига, сайёҳлар оқимининг ошишига катта таъсир кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон учун бу шунингдек халқаро ва давлатлараро меъёрлар ва нормаларни сайёҳлик амалиётига татбиқ этиш ҳамда ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун туртки ҳамдир", - дея таъкидлади Азиз Абдуҳакимов.

У туризмни ривожлантиришга йўналтирилган барча саъй-ҳаракатлар ҳам туризм саноати вакиллари, ҳам хорижий сайёҳлар учун қулай шароит яратишга қаратилганини қайд этди. Ушбу ярмарка кўплар учун самарали, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланиши бўлиб хизмат қилишига умид билдирди.

Шундан сўнг Азиз Абдуҳакимов турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларни қутлаб, уларга эсдалик совғаларини топширди.

Бундан аввал KUN.UZ'да хабар берилганидек, "Ипак йўлида туризм" кўргазмаси икки - Миллий ва Халқаро павильонларда ўтказилди.